Logo

Ўзбекистонда электр истеъмоли тўртинчи кун тарихий рекордни янгилади

Бугун 18:331 дақиқа

Ўзбекистонда ёзги электр истеъмоли яна тарихий рекордни қайд этди. Бир кунда истеъмол қарийб 300 млн kWh'га етди, ишлаб чиқариш ҳам энг юқори даражага кўтарилди.

Ўзбекистонда электр истеъмоли тўртинчи кун тарихий рекордни янгилади © kapital.kz

Ўзбекистон ягона энергетика тизимида 2026 йил 17-июл куни ёзги мавсум учун суткалик электр энергияси истеъмоли 293,4 млн kWh'ни ташкил этиб, янги тарихий рекорд ўрнатилди. Бу ўтган йил ёзги мавсумида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 20,8 млн kWh'га ёки 7,6 фоизга юқори.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, шу куни электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам рекорд даражага чиқиб, мамлакатда бир суткада 296,1 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 16-июл куни қайд этилган рекорддан 0,7 млн kWh'га ёки 0,24 фоизга кўп.

Кичик қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ишлаб чиқариши ҳам ҳисобга олинганда, 17-июл куни умумий электр ишлаб чиқариш ҳажми 305 млн kWh'га етди. Бу аввалги кунга нисбатан 9,6 млн kWh ёки 3,2 фоизга кўпроқдир.

Вазирликка кўра, диспетчерлик хизматлари электр тармоқларидаги юклама, электр тармоқлари ва трансформаторларнинг техник ҳолатини реал вақт режимида доимий мониторинг қилиб боради.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги истеъмолчиларни электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишга чақирди.

«Ҳурматли истеъмолчилар! Электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишингизни сўраймиз. Зарурат бўлмаган ҳолларда электр жиҳозларидан фойдаланишни чеклаш орқали электр тармоқларидаги ортиқча юкламани камайтириш, авариявий ҳолатлар ҳамда узилишларнинг олдини олишга барчамиз бирдек ҳисса қўша оламиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иссиқ сабаб айрим ҳудудларда 2 соатгача электр энергияси ўчирилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид