
Ўзбекистонда газ ва нефт қазиб олиш камайди, кўмир эса аксинча
Ўзбекистонда табиий газ ва нефт қазиб олиш ҳажмида сезиларли пасайиш кузатилди, бироқ кўмир қазиб олиш кўрсаткичлари йилдан-йилга барқарор ўсиб бормоқда.

Миллий статистика қўмитасининг 22 декабр куни эълон қилинган расмий ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг йирик саноат корхоналари томонидан табиий газ ва нефт ишлаб чиқариш ҳажмида қисқариш қайд этилди. Жорий йилнинг январ–ноябр ойлари давомида республикада 38,9 миллиард кубометр табиий газ қазиб олинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги 41 миллиард метр куб ҳажмга нисбатан 5,1 фоизга камдир. Таҳлилларга кўра, газ қазиб олиш ҳажми 2023 йилнинг дастлабки ўн бир ойи билан таққосланганда 10 фоизга, 2024 йилга нисбатан эса 4,4 фоизга камайганлиги кузатилган.
Нефт ишлаб чиқариш тармоғида ҳам сўнгги икки йил давомида пасайиш тенденцияси давом этмоқда. Ҳисобот даврида республика корхоналари томонидан жами 601,2 минг тонна нефт ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 56,4 минг тоннага ёки тахминан 8,6 фоизга камдир. Агар ушбу рақамларни 2023 йил билан солиштирадиган бўлсак, нефт қазиб олиш ҳажми 108,1 минг тоннага ёки салкам 15,2 фоизга қисқарган.
Анъанавий углеводородлар қазиб олиш камайиб бораётган бир шароитда, мамлакатда кўмир қазиб олиш ҳажми изчил равишда ошириб борилаётгани диққатга сазовордир.
Статистик маълумотларга кўра, кўмир ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Жумладан, икки йил олдинги даврда 5,7 миллион тонна, ўтган йилги ҳисобот даврида эса 7,3 миллион тонна кўмир ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 7,5 миллион тоннага етказилгвн.





