add

Ўзбекистонда илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди

Бу ҳақда Президент Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан ўтказилган мулоқотда маълум қилди.

Ўзбекистонда илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди

Президент Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан мулоқотда 2025 йил иқтисодиётнинг барча тармоқларида ютуқларга бой ва баракали йил бўлганини айтди.

Шу жумладан, пахтачиликда илм-фан ютуқлари ва юқори унумдор хорижий навларни жорий этиш натижасида 875 минг гектарда 4 миллион тонна ҳосил олинган. Илк бор ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етган. Бу йил 3 мингдан зиёд фермер гектаридан 50–60 центнер, 1,5 минг фермер эса 70 центнердан ортиқ ҳосил олиб, соҳада ўз тажриба мактабини намойиш этган.

Ғаллачиликда ҳам кўрсаткичлар юқори бўлиб, янги маҳаллий навлар ва биотехнология орқали 8 миллион 400 минг тонна хирмон яратилган. Ўртача ҳосилдорлик 85 центнерни ташкил этган. Шу билан бирга, 3,5 мингдан ортиқ фермер ҳар гектардан 100 центнердан ҳосил олган.

Шоликорликда 268 минг гектарда 1 миллион 340 минг тонна ҳосил йиғиб олиниб, ўртача кўрсаткич 50 центнерга етган. Энг муҳим жиҳат — сув танқислиги шароитида 35 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ва 45 минг гектарда кўчат усули қўлланилиши натижасида 350 миллион куб метр сув иқтисод қилинган.

Сўнгги йилларда боғдорчилик ва токчиликни янгилашга қаратилган ислоҳотлар ҳам самара берган. Уч йил давомида 155 минг гектар боғ ва узумзор янгидан барпо этилган, интенсив боғлар майдони 150 минг гектарга етказилган. Бу жараёнлар натижасида 3,4 миллион тонна мева, 2 миллион тонна узум, 19,5 миллион тонна сабзавот, полиз ва картошка, шунингдек, 1 миллион тонна дуққули ва мойли экинлар етиштирилган.

Юқори ҳосилдорлик ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш билан бирга, экспортда катта ўсишни таъминлаган. Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 37 фоизга ошиб, 3 миллиард долларга етган. Йил якунида бу кўрсаткич 3,2 миллиард доллардан ошиб, тарихий рекорд қайд этилиши кутилмоқда.

Мева-сабзавот экспорти географияси 18 та янги давлат ҳисобига кенгайиб, 83 та бозорни қамраб олди. Ўзбекистон қуритилган олхўри ва ўрик экспорти бўйича жаҳонда 3-ўрин, шафтоли ва майизда 7-ўрин, гилосда 8-ўрин, узумда 13-ўринни эгалламоқда.

Шу билан бирга Президент фидокорона ва машаққатли меҳнати билан ноз-неъмат етиштириб, эл дастурхонига қут-барака олиб кираётган барча деҳқон, фермер, боғбон, чорвадор, сувчи, агроном ва механизаторларга ўзининг чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди.

«Сизларнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли турмушини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги беқиёс ишларингиз ҳар қанча таҳсинга сазовор», — деди Мирзиёев.

Теглар

Мавзуга оид