Logo

Ўзбекистонда инфляция май ойидан бери энг паст даражага тушди

Бугун 21:392 дақиқа

Августда Ўзбекистонда йиллик инфляция 6,2 фоизгача секинлашди. Ойлик нархлар ўсиши ҳам 0,2 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда инфляция май ойидан бери энг паст даражага тушди © Foto: spot.uz

Ўзбекистонда август ойи якунига кўра истеъмол нархларининг йиллик ўсиши 6,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Йиллик инфляция июль ойидаги 6,4 фоиздан 6,2 фоизга тушди. Ўтган йил август ойида мазкур кўрсаткич 8,8 фоиз бўлган. Шу тариқа, йиллик инфляция бир йилда 2,6 фоиз пунктга секинлашди.

Августда ойлик инфляция 0,2 фоиз бўлди. Бир йил аввал август ойида истеъмол нархлари 0,4 фоизга ошган эди. Йил бошидан буён эса нархлар 3,4 фоизга кўтарилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида 4,5 фоиз бўлган.

Озиқ-овқат нархлари ошди

Озиқ-овқат маҳсулотлари август ойида 0,4 фоизга қимматлади. Ўтган йилнинг шу ойида ўсиш 0,6 фоизни ташкил этган. Йил бошидан буён ушбу маҳсулотлар нархи 1,9 фоизга, сўнгги 12 ойда эса 6,2 фоизга ошди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи августда 0,2 фоизга кўтарилди. Йил бошидан буён ушбу тоифадаги маҳсулотлар 4,3 фоизга қимматлаган. Йиллик ўсиш эса 5,9 фоизни ташкил этиб, 2025 йил августидаги 6,6 фоиздан пасайди.

Пуллик хизматлар нархи ой давомида 0,1 фоизга ошди. Йил бошидан буён ўсиш 4,7 фоизни ташкил этган. Йиллик ҳисобда хизматлар нархи 6,4 фоизга кўтарилди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 16,2 фоиз эди.

Ҳудудларда фарқ сақланди

Августда ойлик инфляция ҳудудлар кесимида 0,2–0,3 фоиз оралиғида бўлди. Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида нархлар 0,3 фоизга ошди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ойлик ўсиш 0,2 фоизни ташкил этди.

Йиллик инфляция энг юқори Тошкент шаҳрида қайд этилди — 6,8 фоиз. Фарғонада 6,6 фоиз, Андижонда 6,5 фоиз ва Хоразмда 6,4 фоиз бўлди. Энг паст кўрсаткич Сирдарёда 5,2 фоиз, Бухоро ва Сурхондарёда 5,7 фоиздан қайд этилди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда инфляция май ойидан бери энг паст даражага тушди | Vaqt.uz