
Ўзбекистонда компанияларни халқаро IPOга тайёрлаш бўйича янги босқич бошланди
Тошкентда ўтган «Uzbekistan Equity Capital Markets 2025» конференциясида маҳаллий компанияларни халқаро биржаларга олиб чиқишга тайёрлаш ва капитал бозорини тезкор, шаффоф ҳамда инвесторга қулай тузилмага айлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Тошкентда ўтган «Uzbekistan Equity Capital Markets Conference & Bootcamp 2025» капитал бозорини халқаро мезонларга яқинлаштиришга қаратилган амалий мулоқот майдонига айланди.
Тадбир FTI Consulting ташаббуси билан, Лондон фонд биржаси ва UzAsset ҳамкорлигида ўтказилди. Конференция Ўзбекистон компанияларини халқаро капитал бозорларига чиқишга реал тайёрлашни мақсад қилган.
Конференцияда давлат органлари, халқаро молия институтлари, йирик инвесторлар, консалтинг компаниялари ва бозор инфратузилмаси вакиллари қатнашди.
Инвестицион жозибадорликни ошириш, акцияларни жойлаштириш(эмиссия) жараёнларини соддалаштириш ва маҳаллий эмитентлар учун халқаро биржаларга чиқиш йўлини очиш марказий мавзуларга айланди.
Капитал бозорини тартибга солиш ваколатлари NAPP (Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги) зиммасига ўтгач, регулятор қумдони (sand) ишга туширилди. Шу доирада хорижий ва маҳаллий иштирокчилар билан онлайн инвесторни аниқлаш, дивидендларни Марказий депозитарий орқали масофадан тўлаш, RFB «Тошкент»да Free of Payment (FoB), яъни қимматли қоғозни топшириш/олишни пул ўтказмасидан алоҳида бажариш тартиби каби ечимлар синовдан ўтказилмоқда. Мақсад эса бюрократияни камайтириш ва операцион тезликни ошириш.
Яшил облигациялар бўйича илк мисоллар бозорга кирди, эмитентлар учун методик ва ҳуқуқий кўрсатмалар шаклланяпти. Бу инвестор учун аниқ мезонларни, эмитент учун эса халқаро талабга мос инструментни англатади. «Капитал бозори тўғрисида» ва«Акциядорлик жамиятлари ҳамда акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳужжатлари халқаро амалиёт билан уйғунлаштирилмоқда.
Улар корпоратив бошқарув, ошкоралик, «риоя қилиш ёки изоҳлаш» (comply-or-explain) ёндашуви ва инвестор ҳуқуқларини кафолатловчи нормаларни тизимли тарзда бирлаштиради.
RFB «Тошкент» ва депозитарий тизимини техник ва маҳсулот жиҳатдан модернизация қилиш бўйича вазифалар белгиланди. Хусусан, дуал листинг, яъни иккита биржада бир вақтда рўйхатдан ўтиш механизмини босқичма-босқич жорий этиш маҳаллий инвестор учун халқаро қимматли қоғозларга киришни осонлаштиради, эмитентлар учун эса халқаро бозорларидаги талаб аудиториясини кенгайтиради. Амалий натижа сифатида ликвидлик ортади, баҳолаш сифати яхшиланади, талаб манбалари кўпаяди.
Конференция оддий расмий учрашув эмас, балки аниқ йўл харитаси ҳисобланади. Энди энг муҳим босқич режалардан амалиётга тез ва интизом билан ўтишдир. Шунда Ўзбекистон эмитентларининг халқаро IPOлари «узоқ истиқбол» эмас, яқин йилларнинг реал кун тартибига айланади.
Г.Бозорова тайёрлади.





