add

Ўзбекистонда маош олишда «банк танлови» эркинлиги жорий этилади

01.12.2025 | 08:183942 дақиқа

2026 йилдан фуқаролар иш берувчи белгилаган банкка мажбурий боғланишдан озод қилинади. Марказий банк маошларни исталган банк ёки электрон ҳамёнга қабул қилиш имконини яратади.

Ўзбекистонда маош олишда «банк танлови» эркинлиги жорий этилади

Ўзбекистонда маошларни фақат иш берувчи билан шартнома тузган банк орқали олиш амалиёти тугаётгани маълум қилинди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 27 ноябр куни имзолаган молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича қарорга мувофиқ, мамлакатда «маош қуллиги» деб танилган тизим босқичма-босқич бекор қилинади.

Ҳужжатда келтирилишича, Марказий банк раиси Тимур Ишметовга фуқароларга банк картасини очишда муайян тижорат банкига мажбурий бириктириш амалиётини тугатиш бўйича вазифа юкланган. Бу қадам чакана банк хизматлари бозорида рақобатни кучайтириш, тўлов хизматлари сифатини ошириш ва фойдаланувчилар учун тенг имкониятлар яратишни мақсад қилади.

Марказий банк декабр ойи давомида фуқароларга маош, стипендия ва бошқа даромадларни исталган банк ёки электрон ҳамён провайдери орқали қабул қилиш ҳуқуқини кафолатловчи чора-тадбирлар пакетини ишлаб чиқиши лозим. Бу орқали иш берувчилар ходимларга банк танлашда эркинлик беришга мажбур бўлади.

Шунингдек, 2026 йил июнига қадар Марказий банкнинг тўлов инфратузилмасига оммавий (пакетли) тўловлар функцияси жорий этилади. Бу функция маош, солиқ, компенсация ва бошқа йўналишлардаги кўп сонли тўловларни тезкор ва хавфсиз тарзда амалга оширишни таъминлайди.

Айни пайтда кўплаб компаниялар ходимлардан айнан ўзлари танлаган банкдан карта очишни талаб қилади. Бундай ҳолат фуқароларни танловдан маҳрум қилиб, бозорда ноинсоф рақобатни келтириб чиқараётгани тан олинган.

Янги чоралар орқали рақобат ошиши, хизматлар сифати яхшиланиши ва банклар мижоз учун ҳақиқий кураш олиб бориши кутилмоқда. Мутасаддилар бу ўзгаришлар миллий тўлов инфратузилмасини янада очиқ, шаффоф ва инновацион қилишини таъкидламоқда.

Теглар

Мавзуга оид