Logo

Ўзбекистонда Meta'нинг Кичик бизнесни ривожлантириш академияси дастури ишга туширилади

Бугун 12:352 дақиқа

Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Meta компанияси вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда маълум қилинди.

Ўзбекистонда Meta'нинг Кичик бизнесни ривожлантириш академияси дастури ишга туширилади © gov.uz

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Meta компаниясининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича давлат сиёсати, стратегия ва кампаниялар йўналиши директори Бет Энн Лим билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Музокараларда Ўзбекистон рақамли иқтисодиётини ривожлантириш, технологик ҳамкорликни кенгайтириш ва ёшларнинг рақамли кўникмаларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, рақамли соҳада юқори қўшимча қиймат яратувчи иш ўринларини ташкил этиш ва уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.

Meta ўзбек стартапларига қизиқиш билдирмоқда

Учрашувда Ўзбекистонда стартап экотизими жадал ривожланаётгани, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва технологик тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Meta вакиллари маҳаллий стартапларнинг ўсиш суръатларини ижобий баҳолаб, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини муҳокама қилди.

Шунингдек, IT Park резидентлари учун яратилган солиқ имтиёзлари ва Incentives дастури доирасидаги қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам тақдим этилди. Ушбу имкониятларнинг халқаро технологик компаниялар ва стартапларни мамлакатга жалб қилишдаги аҳамияти қайд этилди.

Meta дастури илк бор Ўзбекистонда йўлга қўйилади

Учрашувда Метанинг сунъий интеллектга асосланган Аdvantage+ ва Meta Business Agent воситалари ҳамда CoobX компаниясининг амалий ўқув дастурларини бирлаштирувчи Кичик бизнесни ривожлантириш академияси дастури муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус Осиё-Тинч океани минтақасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда йўлга қўйилмоқда. Дастур стартаплар, ёшлар ва кичик ҳамда ўрта бизнес вакилларининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги амалий билимларини оширишга қаратилган.

Киберхавфсизлик ҳам кун тартибида

Музокараларда киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, рақамли платформалар хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва бу борада қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар, инновациялар, сунъий интеллект, тадбиркорлик ва киберхавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Теглар

Мавзуга оид