Ўзбекистонда молиявий хизматлар бозори 46,8 трлн сўмга етди
2026 йилнинг биринчи чорагида молиявий хизматлар ҳажми кескин ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,4 фоизга ўсди.
© corporatefinanceinstitute.comЎзбекистонда молиявий хизматлар бозори ўсиш суръатини сақлаб қолмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ–март ойлари якунига кўра мамлакат бўйича молиявий хизматлар ҳажми 46,8 трлн сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,4 фоизга юқори бўлди.
Ҳудудлар ўртасида фарқ катта
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда молиявий хизматлар ҳажми 27,5 трлн сўмга етди. Бу мамлакат бўйича умумий кўрсаткичнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Кейинги ўринларни Фарғона вилояти 2,4 трлн сўм, Андижон вилояти ва Тошкент вилояти эса 2 трлн сўмлик кўрсаткич билан эгаллади. Самарқанд вилоятида 1,8 трлн сўм, Қашқадарё вилоятида 1,6 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилган.
Бухоро ва Хоразм вилоятларида молиявий хизматлар ҳажми 1,4 трлн сўмдан қайд этилди. Сурхондарё ҳамда Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 1,3 трлн сўмни ташкил қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Навоий вилоятларида 1,1 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлса, Сирдарё вилоятида 694,6 млрд сўм қайд этилди.
Маълумот учун: Молиявий хизматларга банк кредитлари, ипотека, омонатлар, онлайн тўловлар, пул ўтказмалари, суғурта, лизинг ҳамда рақамли тўлов платформалари орқали кўрсатиладиган хизматлар киради.





