Ўзбекистонда олти ойида 11 703 киши озодликдан маҳрум қилинди
Уларнинг қарийб ярми гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун жазоланган.
© vesti.azЎзбекистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида озодликдан маҳрум қилинганлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга ошди. Бу ҳақда Олий суд маълумот берди.
Январ-июн ойларида республика судлари томонидан 11 минг 703 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2025-йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 9 минг 570 нафарни ташкил этган. Бир йилда қамоқ жазоси олганлар сони 2 минг 133 нафарга кўпайган.
Ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган — 2 минг 30 нафар. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти — 1 минг 462 нафар ва Тошкент вилояти — 1 минг 452 нафар билан қайд этилган. Энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистонда — 317 нафар.
Қайси жиноятлар энг кўп содир этилган?
Озодликдан маҳрум қилинганлар орасида 179 нафар шахс қасддан одам ўлдириш жинояти учун жазоланган.
Яна 1 минг 376 нафар шахс қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказгани учун озодликдан маҳрум қилинган. Безорилик жинояти бўйича қамоқ жазоси олганлар сони 1 минг 789 нафарни ташкил этган.
Энг катта кўрсаткич гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларда қайд этилган. Бундай жиноятларни содир этгани учун 5 минг 788 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган. Тошкент шаҳрида эса икки нафар шахсга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Коррупция бўйича жазолар
2026-йил январ-июн ойларида қарийб 3 минг 605 нафар шахс коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун судланган. Бироқ уларнинг барчасига қамоқ жазоси тайинланмаган.
Жумладан, 779 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган. Яна 614 нафар шахс жаримага тортилган, 1 минг 479 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган.
Коррупция билан боғлиқ ишлар доирасида 711 нафар шахс озодликни чеклаш жазосини олган. Бу маълумотлар судлар томонидан бир хил жиноятлар учун турли хил жазо чоралари қўлланилаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 11-апрелда ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари Отабек Сатимбаев Ўзбекистонда 49 та жазони ижро этиш муассасаси мавжудлиги ва уларда 47 432 нафар маҳкум жазо ўтаётгани ҳақида маълум қилганди. Жумладан, ёпиқ турдаги колонияларда ҳозирги кунда тахминан 26 минг, манзил колонияларида эса 11 минг нафардан ортиқ маҳкум сақланмоқда.





