Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 млн сўмга яқинлашди

Бугун 10:302 дақиқа

2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда ўртача ойлик 6,8 млн сўмга етди, аммо ҳудудлар ва соҳалар кесимидаги катта фарқ ҳануз сақланмоқда.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 млн сўмга яқинлашди © uza

2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6,8 млн сўмдан ошди. Бу ҳақда Миллий Статистика қўмитаси маълумот берди.

Маълумотларга кўра, 2026 йил январь-март ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ўтган йилга нисбатан 17,4 фоизга ўсган. Бироқ ҳудудлар ва иқтисодий соҳалар кесимида маошлар ўртасидаги фарқ ҳамон юқори даражада сақланмоқда.

Сўнгги йиллар статистикасига назар ташланса, мамлакатда ўртача иш ҳақи барқарор ўсиш трендини намоён этмоқда. Хусусан, 2022 йилда 3,4 млн сўм атрофида бўлган кўрсаткич 2023 йилда 4,1 млн, 2024 йилда 4,9 млн ва 2025 йилда 5,8 млн сўмга етган. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса бу рақам 6 825,9 минг сўмни ташкил этди.

1

Manba: Statistika qo‘mitasi

Ҳудудлар кесимида: пойтахт етакчи, Қашқадарё орқада

Ҳудудлар бўйича таҳлил иш ҳақлари ўртасида жиддий фарқ борлигини кўрсатади. Энг юқори маош Тошкент шаҳрида қайд этилган — 11 684,3 минг сўм. Бу ўтган йилга нисбатан 18,8 фоиз ўсишни англатади. Пойтахтда юқори маошлар асосан хизмат кўрсатиш ва молия сектори улушининг катталиги билан изоҳланади.

Навоий вилояти (8 453,2 минг сўм) ҳам юқори кўрсаткичларга эга ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ерда саноат ва кончилик тармоқларининг улуши катта.

Энг паст маош Қашқадарё вилоятида — 4 665,2 минг сўм. Шунингдек, Сурхондарё (4 724,2 минг сўм) ва айрим бошқа ҳудудларда ҳам маошлар нисбатан паст даражада қолмоқда.

Натижада, Тошкент шаҳри ва Қашқадарё ўртасидаги фарқ 2,5 баравардан ошган.

Наманган, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида иш ҳақи 5 млн сўм атрофида шаклланган бўлиб, ўртача ўсиш суръати 16–19 фоиз оралиғида бўлган.

2

Manba: Statistika qo‘mitasi

Соҳалар кесимида: молия ва IT етакчи

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори иш ҳақи банк ва молия соҳасида сақланиб қолмоқда — 18 595,8 минг сўм. Бу соҳада йиллик ўсиш 18,2 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида ҳам юқори маошлар кузатилмоқда — 16 525,4 минг сўм.

Ташиш ва сақлаш соҳасида энг юқори ўсиш суръати қайд этилди — 22,5 фоиз. Бу тармоқда ўртача иш ҳақи 10 709,3 минг сўмга етган.

Саноат соҳасида иш ҳақи 8 025,6 минг сўмни ташкил этган бўлса, савдода 7 213,4 минг сўм, қурилишда эса 6 496,1 минг сўм даражасида шаклланган.

Энг паст маошлар анъанавий равишда ижтимоий соҳаларда сақланмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлашда ўртача иш ҳақи 4 111,6 минг сўмни ташкил этган. Таълим соҳасида бу кўрсаткич 4 615,9 минг сўм бўлиб, умумий ўрта таълим ўқитувчиларида 4 474,8 минг сўмни ташкил этган.

3

Manba: Statistika qo‘mitasi

Мавзуга оид