Logo

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошди

Бугун 18:452 дақиқа

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи илк бор 7 миллион сўмлик чегарадан ошди. Соҳалар кесимида энг юқори ўртача маош банк ва молия тизимида қайд этилди.

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошди © Foto: Stat.uz

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь—июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 миллион 91,1 минг сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 фоизга юқори.

1



Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда ўртача ойлик маош 12 миллион 13,9 минг сўмга етган. Бу республика ўртача кўрсаткичидан қарийб 5 миллион сўмга юқори.

Иккинчи ўринни Навоий вилояти эгаллади. У ерда ўртача иш ҳақи 8 миллион 722,7 минг сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти ва бошқа саноати ривожланган ҳудудлар қайд этилган.

Энг паст ўртача иш ҳақи эса Қашқадарё вилоятида кузатилган. Вилоятда ўртача маош 4 миллион 864,7 минг сўм бўлиб, бу Тошкент шаҳридаги кўрсаткичдан қарийб икки ярим баробар кам.

Ҳудудлар ўртасидаги фарқ

Иш ҳақининг ўсиш суръати бўйича эса бошқа манзара кузатилмоқда. Энг юқори ўсиш Жиззах вилоятида қайд этилган бўлиб, ўртача иш ҳақи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,4 фоизга ошган.

Шунингдек, Наманган вилоятида ўсиш 19,4 фоизни, Тошкент вилоятида 17,8 фоизни, Самарқанд вилоятида эса 17 фоизни ташкил этган. Бу эса айрим ҳудудларда маошлар ўсиши пойтахтга нисбатан тезроқ кечаётганини кўрсатади.

2



Соҳалар кесимида

Соҳалар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи молиявий хизматлар соҳасида қайд этилди. Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти билан шуғулланувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 19 миллион 100,2 минг сўмни ташкил қилган.

Иккинчи ўринда ахборот ва алоқа соҳаси жойлашган бўлиб, бу йўналишда ўртача иш ҳақи 17 миллион 417,4 минг сўмга етган. Ташиш ва сақлаш соҳасида эса ўртача маош 11 миллион 70 минг сўмни ташкил этган.

Таълим ва тиббиётда ўсиш тезроқ

Таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4 миллион 977,1 минг сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида эса 4 миллион 440,3 минг сўм бўлган. Бу кўрсаткичлар республика ўртача даражасидан анча паст бўлиб қолмоқда.

Бироқ айнан ўсиш суръати бўйича мазкур соҳалар етакчилар қаторидан жой олган. Хусусан, ташиш ва сақлаш соҳасида иш ҳақи 22,8 фоизга, таълимда 20,3 фоизга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда 20,1 фоизга, қурилиш соҳасида эса 19,9 фоизга ошган.

3



Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6 миллион 820 минг сўмни ташкил этган эди. Январь—июнь якунларига кўра бу кўрсаткич илк бор 7 миллион сўмлик маррадан ошди.

Теглар

Мавзуга оид