Logo

Ўзбекистонда «Рақамли Маҳалла» платформаси жорий этилади

Бугун 11:092 дақиқа

Шу билан бирга, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш ҳамда мамлакатда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача камайтириш режалаштирилган.

Ўзбекистонда «Рақамли Маҳалла» платформаси жорий этилади © prezident.uz

Ўзбекистонда маҳаллалар фаолиятини янада самарали бошқариш мақсадида «Рақамли маҳалла» платформаси жорий этилади ва ҳар йили 21 минг нафар маҳалла ходими ҳамда «маҳалла еттилиги» аъзоларининг малакаси ошириб борилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маҳалла тизимини ривожлантиришга доир тақдимот билан танишганда маълум қилинди.

Янги тизим доирасида маҳалла фаолиятини илмий асосда такомиллаштириш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш таклиф этилди. Институт Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда маҳалла тизимидаги ислоҳотларни таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.

Тақдимотда жорий йил якунига қадар 1 миллион нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш ҳамда мамлакатда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача камайтириш режалаштирилгани қайд этилди.

Мазкур мақсадларни амалга ошириш учун инфратузилма ва иқтисодий имкониятлари чекланган 37 та «оғир» туман ва 915 та «оғир» маҳаллани қўллаб-қувватлашга республика бюджетидан 12 триллион сўм ажратилган. Шунингдек, ҳар бир «оғир» туманга 50 миллиард сўмдан, ҳар бир «оғир» маҳаллага эса 2 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилган.

Вилоят ҳокимликлари томонидан қўшимча маблағлар ажратилиши натижасида туман ҳокимликлари ва маҳаллий кенгашлар ихтиёрида яна 4 триллион сўмлик молиявий ресурс шакллантирилган. Бундан ташқари, Республика маҳалла жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилиб, 300 миллиард сўмдан ортиқ янги доимий даромад манбалари яратилмоқда.

Тақдимотда қайд этилишича, «маҳалла еттилиги» томонидан уйма-уй ўрганишлар натижасида 1,3 миллион нафардан ортиқ фуқаронинг муаммолари аниқланган. Уларни тезкор ҳал этиш мақсадида 35 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари «Рақамли маҳалла» платформасига интеграция қилинади. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир маҳалладаги долзарб муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича янги тизим жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид