Logo

Ўзбекистонда саратонга чалинган беморларнинг умр давомийлигини ошириш режалаштирилмоқда

Бугун 19:522 дақиқа

Аҳоли орасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар қамрови камида 60 фоизга етказилади.

Ўзбекистонда саратонга чалинган беморларнинг умр давомийлигини ошириш режалаштирилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев онкологик ва гематологик тиббий ёрдам ва паллиатив хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, аҳоли орасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар қамрови камида 60 фоизга етказилади.

Шунингдек, саратон касалликларига чалинган беморлар орасида 5 йиллик умр давомийлиги кўрсаткичини 35 фоиздан камида 45 фоизга ошириш мақсад қилинган.

2027 йилдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши кураш миллий дастури ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.

Дастур доирасида бирламчи тиббий муассасалар ходимларининг онкологик ҳушёрлиги оширилиб, касалликларнинг дастлабки белгилари бўйича қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади.

Паллиатив ёрдамнинг ягона тизими яратилади

Тақдимотда паллиатив ва хоспис хизматларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

2030 йилгача аҳолининг бундай хизматлар билан қамровини камида 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.

2026 йил 1 сентабрдан мамлакатда паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими жорий этилади. Бунда беморларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади. Шунингдек, уй шароитида хизмат кўрсатувчи мобил паллиатив бригадалар ташкил этилади.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида мобил паллиатив хизматлар ишга туширилади. Самарқанд вилоятида оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун хоспис шаклида паллиатив ёрдам кўрсатиш маркази ташкил этилади.

Тақдимотда гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чоралари ҳам муҳокама қилинган.

2026-2030 йилларда бундай касалликларни эрта босқичларда аниқлаш улушини амалдаги 30-40 фоиздан 60 фоизгача ошириш режалаштирилган. Беморга ташхис қўйилган вақтдан трансплантация амалиётигача бўлган муддатни 6 ойдан 3 ойгача қисқартириш чоралари кўрилади.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда саратонга чалинган беморларнинг умр давомийлигини ошириш режалаштирилмоқда | Vaqt.uz