
Ўзбекистонда «Шажара» ахборот тизими йўлга қўйилади
Бу бўйича президент ҳузуридаги тақдимотда таклиф билдирилди. Янги хизматда ўз шажарасини яратиш, генетик маълумотлар асосида узоқ қариндошларини излаш имкони яратилади.

Шавкат Мирзиёев 21 ноябр куни интеллектуал мулк, архив иши ва юридик таълим соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу тақдимотда 2030 йилга қадар архив фондининг рақамлашув даражасини 60 фоизга етказиш, алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатларни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун соҳадаги ахборот тизимларини Ягона миллий архив ахборот тизимига бирлаштириш, ҳужжатларни радиочастотали идентификация (RFID) технологияси орқали ҳисобга олиш ва онлайн кузатиш тизимини жорий этиш, ҳужжатларни таснифлаш ва таниш жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш режалаштирилган. Туман (шаҳар) архивларининг вазифалари ҳудудий архив бошқармаларига ўтказилади.
Тақдимотда «Шажара» ахборот тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Янги хизмат фойдаланувчиларга ўз шажарасини яратиш, туғилиш, никоҳ ва ўлим ҳақидаги маълумотларни, генетик маълумотлар асосида узоқ қариндошларини излаш имконини яратади.
Шу билан бирга, юридик таълим масаласи ҳам кўриб чиқилди. Талабаларнинг амалиёт дарслари улуши 50 фоизга етказилади, фуқаролик, жиноят ва бизнес ҳуқуқи йўналишларида юридик клиникалар ташкил этилади. Замонавий ҳуқуқ талабларидан келиб чиқиб, «Рақамли ҳуқуқ» ва «Корпоратив ҳуқуқ ва бошқарув» каби янги таълим йўналишлари очилади. Шунингдек, дастлаб Миллий университетда, кейинчалик яна 4 та олийгоҳда «Интеллектуал мулк объектлари менежменти» йўналишини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, тақдимотда аҳамияти ва долзарблигини йўқотган 800 га яқин меъёрий ҳужжатни бекор қилиш, 77 та ҳужжатни қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлар учун 15 дан зиёд ортиқча талабларни қисқартириш орқали бизнес юритиш шароитларини енгиллаштириш режалаштирилган.





