Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида зилзилаларни олдиндан прогноз қилиш тизими жорий этилади

22.10.2025 | 15:002 дақиқа

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида кучли зилзилаларни прогноз қилиш ва маданий мерос объектлари ҳамда инфратузилмаларнинг зилзилабардошлигини мониторинг қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида зилзилаларни олдиндан прогноз қилиш тизими жорий этилади

Ўзбекистонда сейсмик хавфсизлик тизими тубдан янгиланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга кўра, сейсмология соҳасига сунъий идрок ва рақамли технологиялар жорий этилади.

Фармонда белгиланишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб республикада «А-373» ва «М-39» автомобил йўллари ҳамда уларга туташ тоғли ҳудудлардаги темирйўлларнинг кўчки хавфи юқори нуқталари доимий радиолокацион космик мониторинг орқали кузатилади. Бу тадбирлар табиий хавфларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш имконини беради.

Шу санадаёқ сунъий интеллект ёрдамида сейсмик хавф юқори бўлган ҳудудларда кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатли прогноз қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Дастлабки босқичда бу тизим Тошкент шаҳри мисолида жорий этилади.

Шунингдек, тарихий ва маданий мерос объектларининг зилзилабардошлигини таҳлил қилиш тизими ҳам босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи босқичда Самарқанддаги Регистон, Бухородаги Дарвозахона (Арк мажмуаси) ва Хивадаги Ичан-қалъа иншоотларида мониторинг ишлари бошланади.

2026 йил 1 мартдан бошлаб сунъий идрок орқали бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолати таҳлил қилиниб, уларнинг зилзилабардошлик даражаси баҳоланади. Шундан сўнг катта ҳажмдаги сейсмик маълумотлар қайта ишланиб, эҳтимолий хавфли ҳудудлар аниқланади.

Шу билан бирга, автомобил ва темирйўл кўприклари ҳамда туннелларнинг барқарорлигини онлайн режимда кузатиш тизими ҳам ишга туширилади. Бу вазифа Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Сейсмопрогностик мониторинг маркази томонидан ТранспортСейсмика платформаси орқали амалга оширилади.

Фармон билан сейсмология соҳасига илғор рақамли ечимлар жорий қилиниши мамлакатда табиий хавфларни олдиндан башорат қилиш ва аҳолини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид