Ўзбекистонда такси бозори айланмаси 65 фоизга ўсди

15.02.2026 | 14:552 дақиқа

Солиқ тизимига уланган агрегаторлар орқали такси бозорида реал рақамлар очилди. 2025 йил якунлари эса кутилгандан ҳам юқори ўсишни кўрсатди.

Ўзбекистонда такси бозори айланмаси 65 фоизга ўсди

Икки йил олдин Солиқ қўмитаси такси агрегаторларини ўз ахборот тизимларига улаш жараёнини бошлаган эди. Шу орқали соҳа бўйича тахмин ва баҳолар ўрнига аниқ статистика шаклланди.

2025 йил якунларига кўра, агрегаторлар орқали 479 млн сафар амалга оширилган. Бу 2024 йилга нисбатан 50 фоизга кўп. Бозор айланмаси эса 9,6 трлн сўмга етган ва ўсиш суръати 65 фоизни ташкил қилган, деб ёзмоқда «Beshtor».

Маълумотларга кўра, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улуши ҳам ошмоқда. Карталар орқали тўловлар 24 фоиздан 29,8 фоизгача кўтарилган. Ўртача чек 20 минг 82 сўмни ташкил этган, ўтган йили бу кўрсаткич 18 минг 452 сўм эди.

Рақобат ва динамика

Ҳозирги кунда бозорда 224 та агрегатор фаолият юритмоқда. Энг йирик иштирокчилар қаторида «Yandex Go», «Uklon» ва «Biznes Taxi 1064» қайд этилган.

Бозор шиддатли ўсиш ва фаол рақобат босқичида. Шу билан бирга, агрегаторлар умумий такси хизматлари ҳажмининг ҳали катта қисмини эгалламагани қайд этилмоқда. Бу эса кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар мавжудлигини англатади.

Мутахассисларнинг фикрича, рақамлаштириш ва очиқ ҳисоб-китоблар соҳа шаффофлигини ошириб, давлат ва бизнес ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаган.

Ислоҳот самараси

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бозор иштирокчилари қонуний ишлашга тайёр. Бунга тушунарли қоидалар ва қулай рақамли воситалар яратилиши хизмат қилган.

Эркинлаштириш ва рақамлаштириш орқали соҳа айланмаси кенгайгани, солиқ тушумлари ўсгани ва тўлов маданияти ўзгаргани кузатилмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, чеклов ва жарималардан кўра, тизимли рақамли ислоҳотлар самаралироқ натижа беради. Такси бозори бунинг яққол намунаси сифатида кўрилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид