Logo

Ўзбекистонда такси бозори айланмаси 8 ойда 7,2 трлн сўмга етди

Ҳозирда 481,1 минг ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда такси бозори айланмаси 8 ойда 7,2 трлн сўмга етди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026 йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистонда такси бозори айланмаси 7,2 триллион сўмга етган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Жорий йилнинг саккиз ойида 242 та такси агрегатори солиқ органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилиниб, жами 329 миллион марта йўловчи ташиш амалга оширилган.

Йўловчи ташиш айланмаси 7,2 триллион сўмдан ошиб, шундан 4,5 триллион сўми ёки 63,1 фоизи нақд, 2,6 триллион сўми, яъни 36,9 фоизи эса нақдсиз тўловлар ҳиссасига тўғри келган.

Ўртача битта чек 21 785,5 сўмни ташкил этган.

Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 481,1 минг ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар шуғулланмоқда, шундан 4 107 нафарини аёллар ташкил қилади. Агрегаторлар 2026 йил январ-август ойларида жами 149,2 миллиард сўм солиқ, шундан 46,8 миллиард сўм ҚҚС тўлаган.

Ҳайдовчиларнинг даромад кўрсаткичлари қуйидагича тақсимланган:

- 100 млн сўмдан кўп — 7,9 минг нафар
- 50−100 млн сўм — 31,5 минг нафар
- 10−50 млн сўм — 124,4 минг нафар
- 5−10 млн сўм — 59,9 минг нафар
- 1−5 млн сўм — 123,6 минг нафар
- 1 млн сўмгача — 133,7 минг нафар

Энг кўп фойдаланилаётган автомобиллар орасида Cobalt (27 фоиз), Nexia (19,3фоиз) ва Lacetti (16,1фоиз) асосий улушга эга. Электромобиллар эса жами автомобилларнинг 2,5 фоизини ташкил этади. Автомобилларнинг 16,3 фоизи 1−3 йил, 37,1 фоизи 3−5 йил, 17,3 фоизи 5−10 йил, 29,2 фоизи эса 10 йилдан ортиқ муддатдан бери фойдаланилмоқда.

2025 йил сарҳисоби: 9,6 трлн сўмлик айланма

Ўтган 2025 йил якунларига кўра, 224 та такси агрегатори орқали жами 479 миллион марта йўловчи ташиш амалга оширилиб, айланма 9,6 триллион сўмдан ошган эди. Бу ҳақда қўмитанинг ўтган йилги таҳлилларида баён қилинган.

Ушбу маблағнинг 6,7 триллион сўми (70,2 фоиз) нақд, 2,8 триллион сўми (29,8 фоиз) нақдсиз тўловлар орқали бажарилган. 2025 йилда ўртача чек 20 082,5 сўмни ташкил этган.

Ўша йили агрегаторлар орқали 574,6 минг ҳайдовчи, шу жумладан 4 726 нафар аёл фаолият юритган. Ҳайдовчиларнинг 59,1 фоизи (339 681 киши) 30-50 ёшда, 33 фоизи (189 547 киши) 30 ёшгача ва 7,9 фоизи (45 398 киши) 50 ёшдан катталарни ташкил қилган. 2025 йилда 15,5 мингга яқин ҳайдовчи 100 миллион сўмдан ортиқ, энг катта қатлам — 159,7 минг ҳайдовчи эса 1 миллион сўмгача даромад олган.

2025 йилда ҳам Cobalt (23,7 фоиз), Nexia (20,7 фоиз) ва Lacetti (16,9 фоиз) энг кўп фойдаланилган автомобиллар бўлган бўлса, электромобиллар улуши 1,9 фоизни кўрсатган. Агрегаторлар томонидан давлат бюджетига 128,2 миллиард сўм солиқ, шу жумладан 63,6 миллиард сўм ҚҚС тўланган.

Теглар

Мавзуга оид