Logo

Ўзбекистонда ташқи савдода воситачилар учун янги шартнома тури жорий этилиши мумкин

Бугун 22:103 дақиқа

Янги тартиб воситачиларга хорижий ҳамкорлардан келган маблағларни транзит сифатида ўтказиш ва хизмат ҳақини ушлаб қолиш имконини беради.

Ўзбекистонда ташқи савдода воситачилар учун янги шартнома тури жорий этилиши мумкин © Getty Imagеs

Ўзбекистонда электрон савдо, халқаро ташувлар ва бошқа ташқи савдо операцияларида воситачилик хизматларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш таклиф этилмоқда. Бунинг учун ташқи савдо операцияларини назорат қилиш тартибига ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида тегишли ҳужжат лойиҳасини эълон қилди.

Ташқи савдода янги шартнома тури пайдо бўлади

Лойиҳага кўра, ташқи савдо воситачилик шартномаси алоҳида шартнома тури сифатида жорий этилади.

Унга кўра, воситачи бошқа шахснинг манфаатлари йўлида агентлик, комиссия ёки бошқа хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида ташқи савдо операцияларини ташкил этувчи шахс ҳисобланади.

Бундай хизматларни резидент юридик шахслар билан бир қаторда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам кўрсатиши мумкин.

Воситачи ўз ваколати доирасида ҳисоб-китобларни амалга ошириши, маблағларни қабул қилиши ҳамда уларни норезидентга ёки шартномада кўрсатилган бошқа шахсга ўтказиши мумкин бўлади.

Воситачига келган маблағ унинг даромади ҳисобланмайди

Таклиф этилаётган тартибда воситачи учинчи шахслардан шартномада кўрсатилган шахс фойдасига ўтказиш учун қабул қилган маблағлар транзит маблағлар сифатида қаралади.

Шу сабабли бу маблағлар воситачининг даромади ҳисобланмайди. Воситачи эса шартнома шартларига мувофиқ кўрсатган хизмати учун ҳақини транзит маблағлар ҳисобидан ушлаб қолиши мумкин.

Тижорат банклари ҳам бундай маблағларни воситачилик шартномаси асосида ўтказиши мумкин бўлади.

Лойиҳага кўра, мазкур операциялар воситачи учун импорт ёки экспорт операцияси ҳисобланмайди ва солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди.

Маркетплейслар учун ҳисоб-китоблар соддалашиши мумкин

Вазирлик лойиҳани электрон тижорат ва халқаро ташувлар соҳасида юзага келаётган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш зарурати билан изоҳлаган.

Ҳозирда товар ва хизматларни электрон савдо платформалари, ахборот воситачилари, агентлар ва комиссионерлар орқали сотиш кенгайиб бормоқда. Бироқ амалдаги ташқи савдо тартибида бундай воситачилик шартномаларини ҳисобга олиш механизми тўлиқ белгиланмаган.

Амалдаги қоидалар онлайн платформалар орқали экспорт қилиш ва инвойсдан фойдаланиш имконини беради. Бироқ воситачилик шартномалари ҳамда улар доирасидаги операцияларни Божхона қўмитасининг «Е-контракт» тизимида акс эттириш имконияти мавжуд эмас.

Бу эса норезидентлар билан ҳисоб-китобларда маъмурий тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Хусусан, Ўзбекистондаги маркетплейс эгалари хорижий компаниялар билан товарларни жойлаштириш ва сотиш бўйича воситачилик шартномаларини тузиши мумкин. Аммо амалдаги тартиб уларга комиссияни ушлаб қолган ҳолда сотувдан тушган маблағни норезидентга ўтказиш имконини бермайди.

Натижада маркетплейслар бундай ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун хизматлар импорти бўйича шартнома тузишга мажбур бўлмоқда.

Вазирликка кўра, бу амалда хизматлар экспорти амалга оширилаётган бир шароитда хизматлар импорти ҳажмининг сунъий равишда ошишига олиб келмоқда.

Бундай ёндашув солиққа тортиш масалаларида ҳам тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Электрон реестрлар тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинади

Лойиҳа ташқи савдо воситачилик шартномаларини ташқи савдо шартномасининг мустақил тури сифатида тан олишни назарда тутади.

Шунингдек, электрон операциялар реестрларидан тасдиқловчи ҳужжат сифатида фойдаланиш ва норезидентлар билан ҳисоб-китобларни соддалаштириш таклиф этилмоқда.

Янги механизм қабул қилинса, воситачиларнинг ташқи савдо операцияларини расмийлаштириши ва маблағларни норезидентлар ўртасида тақсимлашидаги маъмурий тўсиқлар камайиши кутилмоқда.

Ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокамалар 30 августга қадар давом этади.

Теглар

Мавзуга оид