add

Ўзбекистонда хорижий пахта навлари экиладиган майдонлар 500 минг гектарга етказилади

Кеча 18:381642 дақиқа

Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил учун қишлоқ хўжалиги соҳаси олдида турган қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Ўзбекистонда хорижий пахта навлари экиладиган майдонлар 500 минг гектарга етказилади

Бугун, 10 декабр куни Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан мулоқот ўтказмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда президент 2026 йил учун соҳа олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, янги агротехнология ёрдамида 76-схема бўйича пахта етиштиришни келгуси йилда оммалаштириб, 891 минг гектарда тўлиқ шу схема бўйича пахта етиштирилади. Кўсак қурти, гербицид, шўр ва сувсизликка чидамли хорижий навлар экиладиган майдонлар 2 карра кўпайтирилиб, 500 минг гектарга олиб чиқилади.

«Яқинда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёда фермерлар ва деҳқонлар билан учрашиб, бўлаётган ўзгаришлар билан танишиб, жуда мамнун бўлдим. Улардаги шижоатни кўриб, кейинги йил пахтада 4,5 миллион, ғаллада 10 миллион тонналик хирмонни бемалол уддалаш мумкинлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим», – деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, «Шинжон тажрибаси» асосида 300 минг гектарга чигит экилади. Бунинг учун далаларда томчилаб суғориш технологиясини жорий этишга 2 триллион 600 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади. Ўз маблағидан пахта етиштирган фермерларга ҳосилнинг 10 фоизигача қисмини субсидиялашга 250 миллиард сўм берилади. Бунда пахта етиштириш учун кредит лимитини ярмидан фойдаланган фермерларга ҳам ҳосилнинг 5 фоизигача субсидия ажратилади.

Шунингдек, маҳаллий янги пахта навларини яратиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, илмий марказларда 56 та маҳаллий навни хорижий навлар билан селекция қилиш асосида пахта уруғчилиги ривожлантирилади. Геномика ва Пахтачилик илмий институтларига фитотрон ва иссиқхона қуриб берилади.

Пахта етиштириш учун биржа орқали минерал ўғит ва ёқилғини 10-15 фоиз арзон нархда етказиб бериш амалиёти келгуси йилда ҳам давом эттирилади.

Теглар

Мавзуга оид