Ўзбекистонда ярим йилда 2,3 мингга яқин ЙТҲ содир бўлди
2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда 2 286 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Энг кўп ЙТҲ Тошкент шаҳрида, энг ками эса Бухоро вилоятида содир бўлган.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026 йилнинг январ—июн ойларида Ўзбекистонда жами 2 286 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, ушбу ҳодисалар оқибатида 3 306 нафар киши жабрланган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ЙТҲ Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда олти ой давомида 420 та йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган.
Иккинчи ўринда Самарқанд вилояти жойлашган бўлиб, бу ерда 311 та ЙТҲ содир бўлган. Кейинги ўринларни Тошкент вилояти (271 та), Фарғона вилояти (218 та) ва Наманган вилояти (196 та) эгаллаган.
Статистикага кўра, энг кам йўл-транспорт ҳодисаси Бухоро вилоятида қайд этилган — 48 та. Шунингдек, Сирдарё вилоятида 50 та, Жиззах вилоятида 75 та, Навоий вилоятида 83 та ва Хоразм вилоятида 85 та ЙТҲ рўй берган.
Қолган ҳудудлардаги кўрсаткичлар қуйидагича:
Қорақалпоғистон Республикаси — 114 та;
Сурхондарё вилояти — 120 та;
Қашқадарё вилояти — 135 та;
Андижон вилояти — 160 та.
Эслатиб ўтамиз, июл ойи ҳолатига кўра, жарима баллари 12 балдан ошган ҳайдовчилар сони 671 нафарга етган.





