Logo

Ўзбекистонда ярим йилда уй-жой савдоси 25 фоиздан кўпроққа ошди

Энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Навоий вилоятларида кузатилди.

Ўзбекистонда ярим йилда уй-жой савдоси 25 фоиздан кўпроққа ошди

2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистонда 171 мингдан ортиқ кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,3 фоизга ёки 34,5 мингтага кўп. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида маълум қилинди.

Таҳлилларга кўра, июн ойида ҳам бозордаги фаоллик сезиларли даражада ошган. Ўтган ойда 25 мингдан ортиқ кўчмас мулк битими расмийлаштирилиб, май ойига нисбатан ўсиш 23 фоизни ташкил этган.

Мутахассислар фикрича, бозордаги юқори фаоллик аҳолининг уй-жойга бўлган талаби сақланиб қолаётгани ҳамда ипотека молиялаштириш ҳажми ошгани билан изоҳланади.

Қайси ҳудудлар етакчи?

Июн ойида ойлик ўсиш суръати бўйича Бухоро вилояти 50,1 фоиз билан етакчилик қилди. Кейинги ўринларда Навоий вилояти 41,5 фоиз ва Самарқанд вилояти 31,8 фоизлик ўсиш билан қайд этилди.

Йиллик таққослашда эса энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида кузатилди. Пойтахтда битимлар сони ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан 35,7 фоизга ошган.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида ўсиш 26,9 фоиз, Навоий вилоятида 26,3 фоиз ва Қорақалпоғистонда 23,3 фоизни ташкил этган.

Ярим йиллик натижалар бўйича ҳам Сирдарё вилояти 36,4 фоизлик ўсиш билан биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри 34,9 фоиз ва Навоий вилояти 30 фоизлик ўсиш билан қайд этилди.

ce

CERR



Ипотека ҳам ўсмоқда


2026 йилнинг биринчи ярмида аҳолига 13,1 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоиз кўпдир.

Жами 42,6 минг нафардан ортиқ фуқаро ипотека кредити олган бўлиб, ажратилган маблағларнинг 75 фоизи бирламчи уй-жой бозорига йўналтирилган. Ҳудудлар кесимида энг катта ипотека маблағи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда 4,01 трлн сўмлик ипотека кредитлари берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мутахассислар Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуришда эскроу тизимининг жорий этилиши уй-жой нархини ошириши мумкинлиги ҳақида айтган эди.

Теглар

Мавзуга оид