Logo

Ўзбекистонда яшил энергия улуши 45 фоиздан ошди

Кеча 22:001 дақиқа

Мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ошиб, табиий газ сарфи камайиб бораётгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда яшил энергия улуши 45 фоиздан ошди

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши сезиларли даражада ошди. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2026-йил 24-июн куни соат 15:00 ҳолатида республикада электр энергияси истеъмоли 11 365 МVт, ишлаб чиқариш эса 11 728 МVтни ташкил этди.

Шундан 5 310 МVт ёки 45,3 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига тўғри келди.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 585 МVтга ёки 42,6 фоизга юқори. Қайта тикланувчи энергия қувватларининг ўсиши натижасида иссиқлик электр станцияларида генерация 7 243 МVтдан 6 293 МVтгача камайди. Бу эса табиий газ сарфини 293 минг куб метрга қисқартириш имконини берди.

Вазирлик таъкидлашича, генерация таркибида «яшил» энергиянинг улуши бир йил ичида 33,6 фоиздан 45,3 фоизгача ўсди. Бу мамлакатда қуёш ва шамол электр станцияларини кенгайтириш ҳамда хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар самара бераётганини кўрсатади.

«293 минг куб метр тежалган газ — бу рақам эмас, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва яшил инвестицияларнинг амалий натижасидир», — дейилади вазирлик хабарида.

Қайта тикланувчи энергия ҳиссасининг ортиши нафақат табиий газ тежалишига, балки атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни қисқартиришга ҳам хизмат қилиши айтилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид