Ўзбекистонда ерларнинг 96 фоизи электрон харитага туширилди
03.09.2025 | 17:302 дақиқа
Ўзбекистонда сўнгги уч йил ичида ер майдонларининг 96 фоизи дронлар орқали электрон харитага киритилди.

Республика аэрогеодезия маркази маълумот беришича, кaдастр соҳасида топографик тасвирга олиш учун махсус самолёт ва аэрофотокамералар харид қилинган, шунингдек, 112 та дрон билан таъминланган. Уларнинг ёрдамида катта ҳажмда аэрофотосуратлар олиниб, электрон база шакллантирилган.
Текширувлар натижасида захирадаги 1,2 млн гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан 425 минг гектари 675 минг аҳоли ва фермер хўжаликларига ажратилган. Хусусан, Хоразм вилоятида ҳисоботларда кўрсатилган 608,1 минг гектар ер амалда 618,4 минг гектар экани аниқланган.
Шу каби ўрганишлар бошқа вилоятларда ҳам ўтказилмоқда. Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида жами 542 минг гектардан ортиқ ер майдонларини қайта таснифлаш бўйича таклифлар Ҳукумат комиссиясига тақдим этилган.
Янгиланган электрон маълумотлар ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни ҳисобга олиш ва бошқаришда асосий манба сифатида қўлланмоқда. Бу жараён ер майдонларининг чегараларини аниқ белгилаш ва улардаги ўзгаришларни мунтазам кузатиш имконини бермоқда.





