add

Ўзбекистонда йил бошидан буён 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди

Бу ҳақда Президент ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда маълум қилинди. Наркожиноятларнинг олдини олиш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Ўзбекистонда йил бошидан буён 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди

Шавкат Мирзиёев 3 ноябр куни миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, кибержиноятларга қарши самарали курашиш ҳамда прокурор назоратини рақамлаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таҳлилларга кўра, дунёда 400 миллиондан ортиқ одам бу иллатга дучор бўлган, унинг оқибатида йилига 300 мингга яқин одам вафот этяпти.

Тақдимотда қайд этилишича, Ўзбекистонда йил бошидан буён 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди.

Йиғилишда соҳадаги мавжуд салбий тенденциялар таҳлил қилинди. Жумладан, кейинги пайтларда истеъмоли осон, яшириш ва тарқатиш қулай дори шаклидаги психотроп ва синтетик моддалар анъанавий наркотиклар ўрнини эгалламоқда. Уларнинг тарқалиши асосан ёшлар орасида юз бермоқда, синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз шаклда ўтказилмоқда. Наркотикларни тарқатиш манбаси бўлган уюшган жиноятчилик трансчегаравий хусусиятга эга.

– Шу боис, миллий қонунчилигимизга мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддилар наркотикларнинг ноқонуний айланишига барҳам бериш бўйича режа ва таклифларини тақдимот қилди. Жумладан, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ушбу хавфдан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда механизмлар таклиф сифатида киритилди.

Бунда ўқувчи ва талабалар орасида наркотикларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда бу иллатга муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган таъсирчан амалий ҳаракатларни амалга оширишни барча масъул органлар ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Тақдимотда 100 дан зиёд тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини назарда тутувчи Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, мазкур жиноятларга қарши курашиш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури лойиҳаси давлат раҳбари томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманида Тожикистондан 9 килограмга яқин гиёҳвандлик воситаси олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда йил бошидан буён 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинди | Vaqt.uz