Logo

Ўзбекистонда йил якунигача суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми 606 минг тоннага етказилади

Бугун 20:302 дақиқа

«Ўзбекнефтгаз» янги қудуқлар ҳисобига газ қазиб олишни 887 минг куб метрга оширмоқчи.

Ўзбекистонда йил якунигача суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми 606 минг тоннага етказилади © Фото: «Ҳудудгазтаъминот» АЖ

Ўзбекистон ички бозорида нефт ва газ барқарорлигини таъминлаш, углеводород ресурсларини узлуксиз етказиб бериш ҳамда нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик бўйича қатор вазифалар белгиланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги нефт-газ бозоридаги ҳолат ва кўриладиган чора-тадбирлар юзасидан тақдимотда маълум қилинди.

Тақдимот давомида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш вазифаси қўйилди. Хусусан, ички бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш мақсадида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунига қадар режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш топширилди.

Август ойида 27 та янги қудуқ ишга туширилади

Қайд этилишича, саноат қувватлари кенгайиб, аҳоли эҳтиёжлари ортиб бораётган шароитда ички талабни устувор даражада таъминлаш мақсадида жорий йилнинг август ойида 27 та қудуқни ишга тушириш режалаштирилган.

«Янги Култак», «Ниёз», «Қоратау», «Марварид» ва «Тегирмон» конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имконияти яратилади», - дейилади хабарда.

Қудуқларни бурғилашдан бошлаб газ узатиш тармоғига улашгача бўлган жараёнларни кунлик назоратга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда нархлар барқарорлигини сақлаш учун бозорда етарли таклифни таъминлаш, маҳсулотларни биржа савдоларига талабдан келиб чиқиб чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш муҳимлиги таъкидланди. Ресурсларни асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мутасаддиларга ички бозор эҳтиёжини кунлик таҳлил қилиб бориш, ишлаб чиқарувчи, ташувчи ва сотувчи корхоналар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда таъминот билан боғлиқ хавфларни олдиндан аниқлаб, зарур чораларни ўз вақтида кўриш вазифаси юклатилди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда йил якунигача суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми 606 минг тоннага етказилади | Vaqt.uz