
Ўзбекистонда йиллик инфляция 7,8 фоизгача пасайди
2025 йил октабр ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса нархлар ўсиши 7,8 фоизгача пасайди — бу ўтган йилга нисбатан 2,4 фоиз пунктга кам.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил октябрда инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил этиб, сентябрдаги кўрсаткич билан бир хил бўлди. Бу 2024 йил октябридаги 0,8 фоизлик кўрсаткичдан анча паст.
Йил бошидан — январ-октабр даврида инфляция 5,7 фоизни ташкил этди. Йиллик инфляция 7,8 фоиз даражасида қайд этилган бўлиб, бир ойда 0,2 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 2,4 фоиз пунктга пасайди.
Мева ва сабзавотлар нархлари ҳисобга олинмаганда, инфляция октябрда 0,5 фоиз, йиллик ҳисобда эса 8,6 фоиз бўлди.
Ой давомида асосий маҳсулотлардан тухум (4,1 фоиз), суякли қўй ва мол гўшти (1,7 фоиз), сут (1,2 фоиз) ҳамда ўсимлик ёғи (0,8 фоиз) нархлари ўсди. Сабзавот ва мевалардан энг катта қимматлашиш помидор (61,1 фоиз), бодринг (58,2 фоиз), бақлажон (11,3 фоиз) ҳамда булғор қалампири (10,6 фоиз) да кузатилди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, хизматлар эса 0,3 фоизга қимматлади. Йиллик ҳисобда бу кўрсаткичлар мос равишда 5,8 ва 8,7 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар бўйича энг юқори ойлик инфляция Андижон вилоятида (0,9 фоиз) қайд этилди. Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида энг паст даража — 0,5 фоиз бўлди.
Йил бошидан бери нархлар энг кўп Қорақалпоғистон ва Фарғонада (6,2 фоиз), энг кам Тошкент шаҳрида (5,1 фоиз) ўсди. Йиллик инфляция бўйича Фарғона вилояти пешқадам (8,6 фоиз), энг паст кўрсаткич эса Жиззахда (7,1 фоиз) қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги 9 ойда 4 фоизга ўсганлиги ҳақида хабар





