Ўзбекистонда ёмғир ва момақалдироқ прогноз қилинди
Ўзбекистонда 30-март — 3-апрел кунлари қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда.

Жорий ҳафта Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маълум қилди.
30 март куни кундузи шимоли-ғарбий ҳудудларда об-ҳаво ўзгариши кутилмоқда. Синоптиклар маълумотига кўра, ушбу ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, айрим жойларда момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Куннинг иккинчи ярмига келиб, ёғингарчилик марказий ва жанубий вилоятларнинг айрим ҳудудларига ҳам тарқалиши эҳтимоли бор. Бу жараён қисқа муддатли бўлиб, маҳаллий хусусиятга эга бўлиши таъкидланмоқда.
31 март ва 1 апрел кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғирли об-ҳаво сақланиб қолади. Шунингдек, республика бўйлаб тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ҳам момақалдироқ билан ёғингарчилик кузатилиши кутилмоқда.
2-3-апрел куни шимоли-ғарбий ҳудудлар, чўл зонаси ва жанубий вилоятларда ҳаво беқарор бўлиб қолади. Ушбу ҳудудларда ҳам қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ эҳтимоли юқори экани айтилмоқда.
Тошкент шаҳрида эса бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Бироқ кечга яқин қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат 22–24 даража атрофида илиқ бўлади.





