add

Ўзбекистондаги авторақамлар кузатув тизими интернетда очиқ тургани қайд этилди

Бугун 08:5812042 дақиқа

Ўзбекистон бўйлаб ишлаётган давлат авторақам кузатув тизими интернетга ҳимоясиз улангани маълум бўлди, бу эса фуқаролар хавфсизлиги ва махфийлигига жиддий саволлар туғдирди.

Ўзбекистондаги авторақамлар кузатув тизими интернетда очиқ тургани қайд этилди

Ўзбекистон бўйлаб йўл ҳаракатини назорат қилувчи давлат рақам кузатув тизими интернетга ҳимоясиз уланган ҳолда қолиб кетгани аниқланди. Ушбу тизим орқали мамлакат бўйлаб ўрнатилган юзга яқин юқори аниқликдаги камералар автомобил рақамлари, ҳайдовчилар ва йўловчиларни доимий равишда қайд этиб келмоқда.

Киберхавфсизлик тадқиқотчиси Анураг Сен ушбу тизим очиқ қолганини аниқлаб, маълумотлар базасига ҳеч қандай паролсиз уланиш мумкинлигини маълум қилди. База ичида миллионлаб суратлар, видеолавҳалар ҳамда камералар жойлашган аниқ геолокация маълумотлари сақланган. Тизим 2024 йил сентябрда яратилган, фаол мониторинг эса 2025 йил ўрталарида бошлангани маълум бўлди.

Маълумотлар орасида айрим автомобиллар ҳаракати ойлаб кузатилган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Масалан, бир ҳайдовчининг Чирчиқ, Тошкент ва Эшонгузар йўналишларидаги ҳаракати олти ой давомида мунтазам қайд этилган. Бу эса тизим орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётини тўлиқ хариталаш имкони мавжудлигини кўрсатади.

autocyber 02

Камераларнинг GPS-координаталарини харитага тушириш орқали аниқланган, давлат рақамларини ўқувчи қурилмалар Тошкент, Жиззах, Қарши (жанубда) ва Наманган (шарқда) шаҳарларида тўплаб жойлаштирилган. Айрим камералар эса қишлоқ жойларда — хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳудудларга яқин йўлларда жойлашган.

autocyber 03

Очиқ тизим орқали интернетдаги махсус веб-интерфейсга кириш мумкин. Унда операторлар учун ҳуқуқбузарлик ҳолатларини кузатиш ва таҳлил қилишга мўлжалланган махсус панел мавжуд. Бу ерда бузилган қоидаларга оид яқиндан олинган суратлар, тўлиқ видеоязувлар ва атрофдаги бошқа машиналар акс этган кадрлар сақланган. (TechCrunch нашри ушбу материал чоп этилгунгача давлат рақамлари ва одамларнинг юзи каби шахсий маълумотларни яширган).

autocyber 04

Тизим Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан бошқарилиши айтилмоқда. Бироқ декабр ойи давомида юборилган сўровларга на вазирлик, на Ўзбекистоннинг компютер ҳодисаларига жавоб бериш хизмати аниқ муносабат билдирган.

Мақола ёзилаётган пайтда мазкур кузатув тизими интернетда ҳануз очиқ ҳолда қолмоқда.

Бу тизим ўзини «интеллектуал йўл ҳаракатини бошқариш тизими» деб атайди. У Хитойнинг Шэнжен шаҳрида жойлашган Maxvision компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Maxvision интернетга уланган йўл технологиялари, чегара назорати тизимлари ва кузатув ускуналари ишлаб чиқишга ихтисослашган. LinkedIn’даги видеороликлардан бирида компания камералари «бошидан охиригача ноқонуний ҳаракатни қайд этиши» ва «ҳуқуқбузарлик ҳамда ҳаракат маълумотларини реал вақтда намоён қилиши» таъкидланган.

Ушбу компания дунё бўйлаб, жумладан, Саудия Арабистони, Кувайт ва Мексика каби давлатларга ҳам кузатув технологияларини экспорт қилгани маълум.

Мутахассислар бундай тизимлар юқори киберхавфсизлик талабларига жавоб бермаса, улар жиноятчилар, таъқиб ёки ноқонуний кузатувлар учун қўл келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ҳодиса рақамли кузатув ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ўртасидаги мувозанат масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Теглар

Мавзуга оид