add

Ўзбекистондаги хусусий шифохоналар: Статқўм ва ССВ маълумотларидаги тавофут нимадан?

03.12.2025 | 20:404172 дақиқа

Ўзбекистондаги хусусий шифохоналар сонида Миллий статистика қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган маълумотларда тафовутлар борлиги маълум бўлди. Vaqt.uz аниқлик киритиш учун масъул ташкилотлардан изоҳ олди.

Ўзбекистондаги хусусий шифохоналар: Статқўм ва ССВ маълумотларидаги тавофут нимадан?

2025 йил ноябр ойининг ўзида Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази томонидан 124 та нодавлат тиббиёт муассасасига фаолият бошлаши учун лицензия берилгани ҳақидаги маълумотлардан сўнг, Ўзбекистонда ўзи қанча нодавлат тиббиёт муассасалари бор, деган саволга жавоб изладик. Бу бўйича маълумот қидирганимизда Миллий статистика қўмитаси ва ССВ ахборотларида тафовут кўзга ташланди.

Миллий статистика қўмитасининг расмий веб-сайтидаги маълумотларга кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатида (таҳририят: 2024 йил якуни бўйича) Ўзбекистонда хусусий шифохоналар сони 1301 тани ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий Телеграм каналида 2024 йил 22 декабр куни жойланган ахборотида: «Юртимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 9 мингдан ортди», дейилади.

Ҳар иккала ташкилот ҳам хусусий шифохоналар сони ҳақида маълумот берганда бу рақамлар нодавлат клиникаларнинг рўйхатдан ўтганларими ёки айни дамда фаолият юритаётганлари эканлигини аниқлаштирмаган. Сабаби рўйхатдан ўтказилгач, фаолияти тугатилган ёки вақтинча ишламай турган клиникалар ҳам кузатилиши мумкин.

Аниқлик киритиш учун Vaqt.uz мухбири Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасулов билан боғланди. Усмон Абдурасулов қўмитанинг юқорида келтирилган маълумотлари тўғри эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда 2025 йил 1 январ ҳолатида фаолият кўрсатаётган хусусий шифохона сони 1301 тани ташкил этган. У.Абдурасуловнинг Vaqt.uzʼга тушунтиришича, Миллий статистика қўмитасида фақат ётиб даволаниш учун койкалари мавжуд бўлган хусусий шифохоналар ҳисобга олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев вазирлик эълон қилган маълумотлар тўғри эканлигини таъкидлаб, бу рақамлар президентнинг соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган табригида ҳам келтирилганини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобидаги хусусий шифохоналар ва поликлиникаларда ётоқ ўрни борлари ҳам, стационар даволаш муассасалари ҳам ҳисобга олингани маълум бўлди.

9 мингдан ортиқ деб рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган хусусий шифохоналар назарда тутилганини аниқлаш учун Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш марказига мурожаат қилишимиз лозимлигини айтди.

Афсуски, Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази билан боғлана олмадик.

Теглар

Мавзуга оид