
Ўзбекистонга ASEAN томонидан TACга қўшилишга расмий розилик берилди
ASEANнинг барча аъзолари Ўзбекистоннинг Амити ва Ҳамкорлик шартномасига қўшилиш аризасини маъқуллади, бу мамлакатга Жануби-Шарқий Осиё билан сиёсий ва иқтисодий интеграцияни кучайтириш имконини беради.

Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиёдаги нуфузли платформага қадам қўйди: ASEAN (Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси) ташқи ишлар вазирлари Куала-Лумпурда ўтказган йиғилишида мамлакатимизнинг Амити ва Ҳамкорлик шартномаси (Treaty of Amity and Cooperation in Southeast Asia — TAC) га қўшилишини бир овоздан маъқуллади.
1976 йилда Балида имзоланган ушбу шартнома муроса, куч ишлатмаслик ва ҳудудий суверенитетга ҳурмат тамойилларини назарда тутади. ASEAN ҳозирда 700 миллионга яқин аҳолига эга улкан иқтисодий макон бўлиб, Ўзбекистоннинг бу тузилмага қўшилиши сиёсий ва иқтисодий алоқаларни сезиларли кенгайтиради.
Сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамовга кўра, бу қарор Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги кўпқиррали ёндашувга тўлиқ мос келади. Унинг таъкидлашича, TAC тамойиллари Конституциянинг 17-моддасидаги асосий принциплар — куч ишлатмаслик, можароларни музокара йўли билан ҳал қилиш ва давлатлар суверенитетига ҳурмат билан ҳамоҳанг. Шартномага қўшилиш 2016 йилдан буён шаклланган учта йўналиш – кўпвекторлик, иқтисодий дипломатия ва минтақавий интеграцияга хизмат қилади.
Экспертнинг фикрича, геосиёсий кескинлашув даврида ASEAN каби бетараф майдонда фаол иштирок этиш Ўзбекистон учун босимни камайтириб, дипломатик манёвр имкониятларини кенгайтиради. Шу билан бирга, бу ҳаракат Глобал Жануб мамлакатлари ўртасидаги яқинлашув тамойиллари билан ҳам уйғун. Марказий Осиё ва ASEAN давлатлари ўзаро манфаатларни халқаро майдонда кучлироқ ифода этиш имконига эга бўлади.
Иқтисодий жиҳатдан, ASEAN —дунёдаги энг ривожланаётган бозорлардан бири. Индонезия, Малайзия, Таиланд, Сингапур каби мамлакатлар билан ҳамкорлик туризм, IT, инновация, озиқ-овқат ва тўқимачилик соҳаларида катта имкониятлар очади. Акрамовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ASEAN интеграция моделидан фойдаланиб, Марказий Осиёда ҳам янги ҳамкорлик механизмлари яратилишига етакчи бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, эксперт бир қатор таваккалчиликларни ҳам қайд этди: Жануби-Шарқий Осиёдаги геосиёсий низолар, хусусан Жанубий Хитой денгизи бўйича тортишувлар бетараф дипломатияни талаб қилади. Бундан ташқари, ASEAN давлатларининг ички муаммолари, жумладан, Мянма инқирози эҳтиёткор сиёсат юритишни талаб этади. Иқтисодий рақобат ҳам кучли: Вйетнам ва Индонезия тўқимачиликда, Таиланд туризмда, Сингапур инновацияда етакчи.
Ўзбекистон эндиликда шартнома бўйича тўлиқ аъзо бўлиш жараёнини якунлаши кутилмоқда. TACга Хитой, Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи каби кучли давлатлар ҳам аъзо бўлиб, майдонни глобал дипломатия марказига айлантирган. Ўзбекистон учун бу қадам тез ўзгараётган халқаро тартиботда ўз ўрнини мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.





