Ўзбекистонликлар энг кўп коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда
Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган сўровномасига кўра, март ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайган бўлса-да, бу жараён суръати секинлашиб, асосий хавотирлар сақланиб қолмоқда.
© Javhar Chorshanbiyeva2026 йил март ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари 11,0 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,2 фоиз бандга пасайган. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари ҳам 0,1 фоиз бандга камайиб, 10,7 фоиз даражасида шаклланган. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган анъанавий сўровномаси натижаларида келтириб ўтилган.
Бироқ сўнгги ойларда инфляцион кутилмаларнинг пасайиш суръатлари сезиларли даражада секинлашгани қайд этилмоқда. Бу эса иқтисодиётда инфляция босими тўлиқ бартараф этилмаганини кўрсатади.
Асосий омиллар сақланмоқда
Марказий банк шарҳига кўра, аҳоли орасида нархлар ўсишига таъсир этувчи асосий омил сифатида коммунал хизматлар ва ёқилғи-энергия ресурслари нархининг ошишига оид хавотирлар устуворлигича қолмоқда. Бу омилларни қайд этган респондентлар улуши ҳатто бироз ошган.

Manba: Markaziy bank
Тадбиркорлар учун ҳам ушбу омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, уларга транспорт харажатларининг қимматлашиши ҳам қўшилмоқда. Шу билан бирга, валюта курси ўзгаришидан хавотир билдирганлар улуши камайгани кузатилган.

Manba: Markaziy bank
Соҳалар ва ҳудудлар кесимида фарқлар
Аҳоли гуруҳлари орасида энг юқори инфляцион кутилмалар ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари томонидан билдирилган бўлса, энг паст кўрсаткич талабалар ҳиссасига тўғри келган.

Manba: Markaziy bank
Тадбиркорлар кесимида эса энг юқори кутилмалар туризм, ахборот технологиялари ва таълим соҳаларида қайд этилган. Кафе-ресторан хизмати ва ҳунармандчилик соҳаларида энг паст даражалар кузатилган.

Manba: Markaziy bank
Ҳудудий жиҳатдан қаралганда, инфляцион кутилмаларнинг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар аҳоли орасида Самарқанд вилоятида, тадбиркорлар орасида эса Навоий вилоятида кузатилган.

Manba: Markaziy bank





