Ўзбекистонликларга Германиядаги ҳарбий музейга кириш тақиқланди

Кеча 20:331 дақиқа

Германиянинг Кобленц шаҳридаги ҳарбий техника музейи хавфсизлик сабаблари билан Ўзбекистон фуқаролари учун киришни чеклади.

Ўзбекистонликларга Германиядаги ҳарбий музейга кириш тақиқланди

Германиянинг Кобленц шаҳрида жойлашган Бундесвернинг ҳарбий техника музейи бир қатор давлатлар фуқаролари учун киришни чеклади.

Ушбу қарорга кўра, Ўзбекистон фуқаролари ҳам мазкур рўйхатга киритилган бўлиб, чекловлар жорий йилнинг март ойидан кучга кирган.

Музей маъмуриятининг маълум қилишича, мазкур чекловлар Германияда амал қиладиган хавфсизлик қонунчилиги — «Ишончлиликни текшириш тўғрисида»ги талаблар асосида жорий этилган. Шунингдек, ушбу рўйхатга Марказий Осиё давлатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳам киритилган.

Асосий сабаб — хавфсизлик

Расмий маълумотларга кўра, чекловлар хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўлланилган. Рўйхатдан Афғонистон, Хитой, Эрон, Покистон, Сурия ва бошқа давлатлар ҳам жой олган.

Музейга кириш учун ташриф буюрувчилардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади. Чипта нархи эса 3 евро этиб белгиланган.

Йирик ҳарбий коллекция

Бундесвернинг мазкур музейи дунёдаги энг йирик ҳарбий техника тўпламларидан бири ҳисобланади. У ерда Биринчи жаҳон уруши давридан тортиб замонавий ҳарбий техникаларгача бўлган ноёб намуналар сақланади.

Экспозицияда FT-17 танки, Leopard 1 ва Leopard 2 каби жанговар танклар, шунингдек НАТО давлатлари томонидан ишлаб чиқилган прототиплар намойиш этилган.

Шу билан бирга, ташриф буюрувчилар ўқотар қуроллар, артиллерия тизимлари ва турли хил зирҳли техника намуналари билан ҳам танишиш имконига эга.

Теглар

Мавзуга оид