
Ўзбекистонликларни февралда қандай об-ҳаво кутмоқда?Ўзгидромет прогнозларини эълон қилди
Унга кўра, февралнинг биринчи беш кунлиги нам об-ҳаво билан бошланади, мамлакат бўйлаб тез-тез ёмғир ёғади.

2026 йилнинг феврал ойи январга нисбатан ўртача 2-3 даражага, тоғларда 1-1,5 даражага илиқроқ бўлади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги прогнозларида келтирилган.
Феврал ойининг биринчи беш кунлиги нам об-ҳаво билан бошланади, республика бўйича асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кечалари 5-10 даража илиққача, кундуз кунлари 13-18 даража илиққача кўтарилади.
Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечалари 2-7 даража илиқдан 0-5 даража совуққача, кундуз кунлари 5-10 даража илиқдан 13-18 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ҳар ўн кунликда айрим кунларда 2-3 кундан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда.
Баҳорий илиқлик ва ёмғирлар
Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун феврал ойидаги максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари 24-29 даража иссиқни, жанубда баъзи жойларда 30-32 даража иссиқни ташкил этган. Республика ҳудудининг катта қисмида бу рекордлар 2016 ва 2021 йилларда ўрнатилган.
Ушбу асрда 2004, 2016 ва 2021 йилларнинг феврал ойлари энг иссиқ бўлиб, ўртача ойлик ҳарорат иқлим меъёридан 3-6 даражага юқоридир. Бу йилларда, энг иссиқ даврларда, ҳаво ҳарорати 22-27 даража илиққача, жанубда 28-30 даража илиққача кўтарилди, бу баҳор фасининг ўрталарига хосдир.
Аммо энг илиқ йилларда ҳам феврал ҳали ҳам қиш ойи эканлигини унутмайди. Кўпинча ҳавони жадал исишидан сўнг қисқа муддатга қишки совуқлар қайтади. Шундай қилиб, 2021 йилнинг феврал ойида аномал илиқ об-ҳаводан сўнг (меъёрдан 8-13 даражага юқори), ойнинг охирги ҳафтасида ҳаво ҳарорати 10-15 даража совуққача пасайган эди.
Энг совуқ феврал
XXI асрда 2014 йилнинг феврал ойи энг совуқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 4-8 даражага паст бўлиши кузатилган. Республика ҳудудининг катта қисмида минимал ҳаво ҳарорати 17-22 даража совуққача, шимолда 25-30 даража совуққача пасайган. Республиканинг кўпчилик ҳудудларида XXI асрдаги барча феврал ойлари учун бу энг паст ҳарорат бўлди.
Бироқ, 2014 йилнинг феврал ойидаги совуқлар кузатувларнинг тарихий қатори учун минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекордларига нисбатан кучсиз бўлиб, ҳудуднинг катта қисмида ҳарорат 22-27 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикасида 32 даража совуққача, Устюртда 38-40 даража совуққача пасайган. Фақат Сурхондарё вилояти бўйича минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди ушбу асрга тегишлидир. 2014 йил феврал ойида ҳарорат 20-22 даража совуққача пасайган эди.
Энг қуруқ феврал
Иқлим маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида феврал ойи йил учун ёғингарчилик энг кўп кузатиладиган ойдир. Шунга қарамай, феврал ойи ёғингарчилик миқдори, ҳамда ҳарорат тартиби бўйича ҳам турли хил бўлади. Ушбу асрда 2016 йилнинг феврал ойи энг қуруқ бўлиб, барча ҳудудлар бўйича ёғингарчилик ойлик меъёрнинг 20 фоиздан кам бўлган.
Энг кўп ёмғир ёғган феврал
Ҳудуднинг катта қисмида 2010 йил феврал ойида ёғингарчилик энг кўп бўлиб, ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 200 фоиздан 300 фоизгача бўлган эди. Текислик ҳудудлар бўйича феврал ойида ёғингарчилик тез-тез аралаш кўринишда (ёмғир, қор) кузатилади, лекин қор қоплами камдан-кам ҳолларда шаклланади ва 2-5 кундан кўп сақланиб турмайди.
Энг кўп қор ёғган феврал
Бу асрда қор қоплами энг узоқ кузатилган давр 2008 йил феврал ойида қайд этилган. Республиканинг марказий ҳудудлари бўйича қор қоплами кузатилган кунлар сони 20-25 кунни, жанубий вилоятларда 8-15 кунни ташкил этган.





