Logo

Понидан гектакорнгача: cтартаплар қандай баҳоланади?

Бугун 21:213 дақиқа

Vaqt.uz колумнисти 10 миллиондан 100 миллиард долларгача баҳоланадиган стартаплар қандай тоифаларга ажратилиши ҳамда улар ўртасидаги фарқларни содда ва тушунарли тарзда изоҳлайди.

Понидан гектакорнгача: cтартаплар қандай баҳоланади?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда стартап, инвестиция, IPO, уникорн каби атамалар кундалик луғатнинг бир қисмига айланиб бормоқда. Айниқса, бирор компания йирик инвестиция жалб қилса ёки миллиард долларга баҳоланса, дарҳол «уникорн бўлди» деган хабарлар кўзга ташланади. Хўш, уникорн нима? Ундан ҳам юқори поғоналар борми?

Аслида стартаплар инвестиция дунёсида бозор қийматига қараб бир неча тоифага ажратилади. Келинг, уларни кетма-кет кўриб чиқайлик.

Пони — илк катта маррага чиққан стартап

Бозор қиймати 10 миллион доллардан ошган хусусий стартаплар пони (pony) деб аталади. Ҳар йили минглаб стартаплар ташкил этилади, бироқ уларнинг жуда оз қисми 10 миллион долларлик баҳога эриша олади. Шу сабабли инвесторлар назарида айнан шу босқич компаниянинг илк жиддий муваффақияти ҳисобланади.

Кентавр — юз миллион долларлик компания

Бозор қиймати 100 миллион доллардан ошган хусусий стартаплар кентавр (centaur) деб аталади. Бундай компаниялар одатда маҳсулоти бозор синовидан ўтган, даромад модели шаклланган ва тез суръатларда ўсаётган бизнес бўлади. Инвесторлар учун бу босқич компаниянинг глобал ўйинчига айланиш салоҳиятини кўрсатувчи муҳим мезондир.

photo_2026-07-14_15-03-48


Уникорн — миллиард долларлик афсона

Бозор қиймати 1 миллиард доллардан ошган, бироқ ҳали IPO қилмаган хусусий компаниялар уникорн (unicorn) деб аталади. Ушбу атамани илк бор 2013-йилда «Cowboy Ventures» асосчиси, америкалик венчур капиталист Эйлин Ли қўллаган. Ўша пайтда миллиард долларлик стартаплар шу қадар кам эдики, у уларни афсонавий мавжудот — уникорнга қиёслаган. Ли ҳисоб-китобига кўра, ўша даврда дунёда атиги 39 та шундай компания мавжуд бўлиб, улар венчур инвестиция олган стартапларнинг бор-йўғи 0,07 фоизини ташкил этган.

Бугунги кунга келиб эса OpenAI, Canva, Revolut, Discord ва Notion каби компаниялар ушбу тоифага киради. Ўзбекистонда эса Uzum ва TBC Bank миллиард долларлик баҳоловга эришган компаниялар сифатида тилга олинади.

Декакорн — ўн миллиардлик гигант

Бозор қиймати 10 миллиард доллардан ошган хусусий стартаплар декакорн (decacorn) деб аталади. Бу босқичга етган компаниялар одатда ўз бозорида етакчига айланган, миллионлаб фойдаланувчиларга эга ва халқаро миқёсда фаолият юритади. Stripe, Canva ва Databricks бунга яққол мисол бўла олади.

Гектакорн — энг юқори лига

Бозор қиймати 100 миллиард доллардан ошган хусусий компаниялар гектакорн (hectocorn) деб аталади. Бундай компаниялар жуда кам учрайди. 2025-йил ҳолатига кўра, OpenAI, SpaceX, ByteDance (TikTok эгаси), Anthropic, Ant Group ҳамда Reliance Retail ана шундай компаниялар қаторидан жой олган. Улар нафақат 100 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга, балки бутун бошли саноат йўналишларини ўзгартираётган технологик гигантлар ҳам ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги барча тоифалар фақат хусусий компаниялар учун амал қилади. Стартап IPO орқали фонд биржасига чиқиб, оммавий компанияга айлангач, у энди уникорн, декакорн ёки гектакорн сифатида таснифланмайди. Сабаби, компаниянинг қиймати энди хусусий инвесторлар эмас, балки очиқ фонд бозори томонидан шакллантирилади.

Теглар

Мавзуга оид