add

Президент: 2035 йилгача зарарли газлар чиқарилишини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олдик

Шавкат Мирзиёев яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида Ўзбекистон 2035 йилга қадар эмиссияни 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олганини маълум қилди.

Президент: 2035 йилгача зарарли газлар чиқарилишини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олдик

Президент Шавкат Мирзиёев Бразилияда бўлиб ўтган COP-30 иқлим конференциясида Ўзбекистон Париж битими доирасида янги ва аҳамиятли мажбуриятни ўз зиммасига олганини эслатиб ўтди.

«Яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида биз ўз ташаббусимиз билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммамизга олдик. Яъни 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик», деди давлат раҳбари.

Президент таъкидлаганидек, мазкур йўналишда Ўзбекистон Жаҳон банки билан ҳамкорликда ICRAFT номли инновацион лойиҳани амалга оширмоқда. Бу дунёдаги илк дастурлардан бири бўлиб, у орқали мамлакат томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази халқаро ҳисобда қайд этилди. Шу асосда углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш ишлари бошлангани маълум қилинди.

Таъкидланишича, 2025 йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонаси «яшил» энергия бўйича халқаро сертификатлаштириш тизимига ўтгани ҳам қайд этилди. Келгуси икки йилда бу каби корхоналар сони 100 тагача оширилиши режалаштирилган. Бу ишлаб чиқаришда углерод изини қисқартириш ва энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мирзиёев қўшни давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ҳам алоҳида таъкидлади. Минтақанинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан «Қамбар-ота ГЭС-1» лойиҳасини молиялаштириш бошланиши белгиланди. Шунингдек, Европа бозорига электр энергияси экспорт қилишни кўзда тутувчи «яшил йўлак» ташаббусида Озарбойжон ва Қозоғистоннинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлади.

Ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро иқлим мажбуриятларини бажариши, «яшил» энергетика улушини кескин ошириши ва минтақавий энергетика бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид