add

Президент кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишни буюрди

Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз»га бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлигини айтди.

Президент кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишни буюрди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриш тўғрисида топшириқ берди. Бу топшириқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан ўтказилган тақдимотда айтилди.

Тақдимотда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш экани қайд этилди. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди.

Мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Газ захираларини ўстириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда эса ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоиз арзон нархларда экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, қўшилган қийматни 6 карра ошириш имконияти борлигини ҳисобга олиб, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатиш чораларини кўриш топширилди.

«Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда нефт-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Президент нефт-газ соҳасида трансформацияни чуқурлаштириш, газ захиралари ва қазиб олиш ҳажмларини ошириш, молиявий интизомни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид