Прокурор 6 йил қамоқ сўради. «Сирожиддин Медиа» судидан репортаж
«Сирожиддин Медиа» номи билан танилган Сирожиддин Одиловга оид суд жараёни ҳал қилув палласига етиб келмоқда. 11-август куни ЖИБ Жиззах шаҳрида давом этаётган мазкур ишда тарафлар музокараси бўлиб ўтди. Ҳимоячилар ва судланувчи нутқи тингланди. Улар суддан оқлов, прокурор эса 6 йил қамоқ жазосини сўради.
Музокарада дастлаб прокурор Нодир Жафаров нутқ қилди. Давлат айбловчиси судланувчи Сирожиддин Одиловни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди (такроран содир этилган товламачилик)да; 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандлари (такроран, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, суддан унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўради. Шунингдек, судланувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазосини сўради.
Судланувчининг адвокатлари музокара нутқида Сирожиддин Одиловга нисбатан бўлаётган ҳолатлар уюштирилганини, буни жабрланувчилар ҳам ўз кўрсатмаларида тасдиқлаганини, қолаверса, судланувчи хонадонида ўтказилган тинтув ҳам ноқонуний равишда амалга оширилганини билдирди. Жамоат ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов суддан виждонан, қонунан ҳукм чиқаришни сўради. Ҳимоячи Ҳамидов ўз нутқида судланувчига қўйилган 6 та эпизод бўйича айбсиз деб топиш кераклигини айтди. Ҳимоячиларнинг барчаси Одиловни айбдор деб топишга далиллар йўқлигини ҳисобга олиб, судланувчини тўлиқ оқлашни сўради.
Судланувчи музокара нутқида прокурордан 6 йил қамоқ жазоси сўрашини кутмаганини, суддан адолатни ҳукм чиқаришни сўради.
Сирожиддин Одилов сўнгги сўзида зиёли оилада вояга етгани, уйида бировни ҳаққини ема деб тарбия берилганини айтди.
Судланувчининг сўнгги сўзидан кейин судя Санжарбек Расулов қарор қабул қилиш учун маслаҳатхонага кирди. Судда 13-август куни ҳукм чиқиши кутилмоқда.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор ва монтажчи: Элёр Муртозоқулов
Теглар






