add

Пул ўтказмалари, импорт ва сўмнинг қадри: ички валюта бозорида ҳолат қандай?

16.12.2025 | 19:583574 дақиқа

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида ички валюта бозорида пул ўтказмалари ҳажми ошди, валюта таклифи талабдан устун бўлди. Бу омиллар сўм курсининг мустаҳкамланишига қандай таъсир қилди?

Пул ўтказмалари, импорт ва сўмнинг қадри: ички валюта бозорида ҳолат қандай?

Марказий банк 2025 йилнинг январ–ноябр ойлари якунлари бўйича ички валюта бозори шарҳини эълон қилди.

xorij valuta

Манба: Марказий банк

Унга кўра, ушбу даврда хорижий валютага бўлган талаб 53,7 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга ошган. Валюта таклифи эса (Марказий банк амалиётларисиз) 45,6 млрд долларга етиб, йиллик ҳисобда 26 фоизга ўсган.

Монетар олтин билан боғлиқ операциялар натижасида юзага келган қўшимча пул маблағлари Марказий банк томонидан валюта бозоридаги амалиётлар ва бошқа пул-кредит воситалари орқали мувозанатга келтириб борилмоқда.

 

Юридик шахсларда валюта таклифи талабдан юқори

2025 йилнинг 11 ойи давомида юридик шахсларнинг хорижий валютага бўлган талаби ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошди. Шу билан бирга, улар томонидан шакллантирилган валюта таклифи ҳажми 35 фоизга кўпайди. Кўриниб турибдики, валютага таклиф талабга нисбатан юқори шаклланган.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт тушумлари ҳисобидан ички валюта бозорига кириб келган валюта таклифи 17 фоизга ўсиб, 16 млрд долларни ташкил этди. Ушбу экспорт тушумларининг 8,9 млрд доллари, яъни 55 фоизи ички валюта бозорида сотилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 19 фоизга, яъни 1,4 млрд долларга кўп.

Шунингдек, ҳисобот даврида банклар томонидан хорижий кредитлар ҳисобидан ички валюта бозорига 8,1 млрд долларлик валюта маблағлари сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63 фоизга (3,5 млрд долларга) кўп.

xorij valuta 1

Манба: Марказий банк

Январ–ноябр ойларида импортни молиялаштиришда асосий манба ички валюта бозорида сотиб олинган хорижий валюта бўлди. Унинг улуши 64,7 фоизни ташкил этди (2024 йилда — 64,9 фоиз). Хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобидан импортни молиялаштириш улуши эса 24 фоиз бўлиб, ўтган йилга нисбатан 1 фоизга ошди.

Сотиб олинган хорижий валютанинг ярми ишлаб чиқариш учун ускуналар, товарлар ва хомашё импортига йўналтирилган. Шунингдек, 27 фоизи хорижий валютадаги кредитларни қайтаришга, 17 фоизи истеъмол товарлари ва дори-дармонлар импортига сарфланган. Қолган қисми хорижий инвесторлар даромадларини қайтариш ҳамда бошқа мақсадлар учун ишлатилган.

 

Аҳоли банкларга 19 млрд доллардан ортиқ хорижий валюта сотди

Аҳоли томонидан тижорат банкларига 19,4 млрд доллар хорижий валюта сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарга ошган.

xorij valuta 3

Манба: Марказий банк

Сотиб олинган хорижий валюта ҳажми эса 10,6 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилда 8,5 млрд доллар бўлган, яъни 25 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Содда қилиб айтганда, аҳоли орасида ҳам, юридик шахслар орасида ҳам валютага таклиф талабдан юқори. Хусусан, жисмоний шахсларда таклиф талабдан 8,7 млрд долларга ортиқ бўлган.

Халқаро пул ўтказмалари 17 млрд доллардан ошди

Жорий йилнинг январ–ноябрь ойларида трансчегаравий пул ўтказмалари орқали мамлакатга 17,3 млрд доллар валюта маблағлари келиб тушди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга, яъни 3,5 млрд долларга кўп.

xorij valuta 4

Манба: Марказий банк

Чиқиб кетган валюта миқдори эса 2,4 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 157 млн долларга кам.

 

Сўмнинг қадри 7,5 фоизга ошди

Январ–ноябр ойларида сўм долларга нисбатан барқарорлашиб, мустаҳкамланишга ўтди. Миллий валюта алмашув курси йил бошидан буён 7,5 фоизга мустаҳкамланди.

xorij valuta 5

Манба: Марказий банк

Марказий банк маълумотларига кўра, бунга бир қатор омиллар таъсир кўрсатган. Хусусан, экспорт тушумларининг кўпайиши, халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ўсиши, хорижий кредитларнинг жалб қилиниши, импорт тўловлари ҳажмининг нисбатан барқарорлашуви, шунингдек, инвестициялар, жумладан тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқимининг ортиши сўм курсининг мустаҳкамланишига хизмат қилган.

Шунингдек, Марказий банк раиси Темур Ишметов 24 октябрда бўлиб ўтган асосий ставка бўйича матбуот анжуманида сўмнинг мустаҳкамланиши фонида юзага келган муҳокамаларга муносабат билдириб, Ўзбекистон Марказий банки миллий валютани сунъий равишда мустаҳкамлаш ёки қадрсизлантириш сиёсати олиб бормаслиги, балки унинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлашга интилишини таъкидлаган эди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлилига кўра, йил давомида сўмнинг тарихий даражада мустаҳкамланишига глобал ноаниқликлар фонида доллар индекси пасайгани ҳам таъсир кўрсатган. Шунингдек, олтин нархининг йил бошига нисбатан 58 фоизга ошгани, экспорт тушумларининг кўпайгани (10 ойда олтин экспорти 10 млрд долларга етгани), инвестициялар оқимининг сезиларли ортгани (ярим йилда 6,5 млрд доллар, 53 фоиз ўсиш) ҳамда пул ўтказмаларининг кутилганидан юқори бўлиши асосий омиллар сифатида қайд этилган.

Аввалроқ, Vaqt.uz йил давомида сўм қандай мустаҳкамлангани ҳақида ёзган эди.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 21

Барчаси

Мавзуга оид