Logo

Путин «Wildberries» омборларини тиклашга давлат ёрдам беришини айтди

Бугун 20:552 дақиқа

Июл ойидан бошлаб Украина Қуролли кучлари «Wildberries» маркетплейсининг логистика марказларига мунтазам равишда зарбалар бериб келмоқда.

Путин «Wildberries» омборларини тиклашга давлат ёрдам беришини айтди

Россия Президенти Владимир Путин Украина Қуролли кучлари (УҚК) томонидан ҳужумга учраган логистика ва омбор қувватларини (хусусан, «Wildberries» маркетплейси омборларини) тиклашда давлат иштирок этишини маълум қилди ва бу борада ҳукуматга махсус дастур ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар бермоқда.

Стратегик ривожланиш ва миллий лойиҳалар кенгаши йиғилишида сўзга чиққан давлат раҳбари гарчи компания номини тўғридан-тўғри тилга олмаган бўлса-да, ҳукуматга мамлакатдаги логистика қувватларини қайта тиклаш дастурини қабул қилишни вазифа қилиб қўйди.

«Шу билан бирга, шикастланган объектларни тиклаш ишларини сифат жиҳатидан янги технологик даражада олиб бориш кераклигини ҳисобга олиш зарур», — дея Путиннинг сўзларидан иқтибос келтирди нашр.

Ҳужумларнинг иқтисодиётга таъсири

Президент Украинанинг саноат ва инфратузилма объектларига қилаётган ҳужумлари Россия иқтисодиётига маълум маънода зарар етказаётганини тан олди.

Бироқ у, «албатта, бундай ҳужумларнинг ҳеч қандай критик оқибатлари йўқ, бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас», дея таъкидлади.

«Аммо улар бизга, албатта, зарар етказмоқда, бу аён. Биз буни тушунамиз, кўряпмиз ва биламиз», — деди Владимир Путин йиғилишда.

«Wildberries» омборларига қилинган ҳужумлар ҳақида

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Украина Қуролли кучлари Wildberries маркетплейсининг логистика марказларига мунтазам равишда зарбалар бериб келмоқда. Хабарларга кўра, ушбу ҳужумлар оқибатида етказилган умумий зарар юзлаб миллиард рублга баҳоланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Wildberries» Россиядаги энг йирик электрон тижорат платформаларидан бири ҳисобланади ва унинг логистика марказлари мамлакат бўйлаб товарлар таъминоти занжирида ўта муҳим рол ўйнайди. Омбор қувватларининг ишдан чиқиши нафақат компаниянинг молиявий кўрсаткичларига, балки умумий савдо-сотиқ логистикасига ҳам таъсир кўрсатади.

Теглар

Мавзуга оид