«Қамчи президент бўларди, мен эса дам олишга кетардим» — Жапаров Ташиев иши ҳақида гапирди
У Ташиевга халқни шимол ва жанубга бўладиганларни қаттиқ жазолаши ва уни лавозимдан олишини айтганини эслади. Президент ҳатто дўстига агар сайловда қатнашса, бунинг учун унга барча шароитларни яратиб беришини ҳам билдирган.
© 24.kgҚирғизистон президенти Садир Жапаров янги интервьюсида мамлакатнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевни келажакдаги давлат раҳбари сифатида кўриб чиққанини айтди. Бу ҳақда у «Kaktus.media» нашрига берган интервьюсида сўз очди.
«Қамчи президент бўларди»
Жапаров 2027-йилги президентлик сайловларида қатнашишдан воз кечиб, Ташиевни қўллаб-қувватламоқчи бўлган. Унинг сўзларига кўра, у президентлик муддати тугаганидан кейин дам олишга кетишни режалаштирган эди.
«Мен 2027-йилда олти йиллик президентлик муддатим тугаганидан кейин, агар Қамчи тайёр бўлса, 2027-йилги навбатдаги президентлик сайловида қатнашмаслигим ҳақида ўйлаган эдим. У президент бўларди, мен эса дам олишга кетардим. Менда шундай режа бор эди. Бундан бир йил олдин бу ҳақда унга ўзим айтган эдим», — деди Жапаров.
«Қарасам, у тайёр эмас экан»
Жапаровнинг сўзларига кўра, у 4 йил чет элда яшаган, 4 йил қамоқда ўтирган ва 6 йилни «гўё кузатув остида» ўтказган. Унинг сўзларига кўра, у оиласи билан бирга бўлишни хоҳлаган ва Ташиевдан «атрофидаги одамларни тозалаш ва ўз одамларини тарбиялашни» сўраган.
«Кейин қарасам — у тайёр эмас экан. Унинг ходимлари ўзларини керакли тарзда тутмаяпти, унинг атрофидаги одамлар жуда юқори даражаларга кўтарилиб кетди. 75 нафар оқсоқолнинг мактуби пайдо бўлганида, парламентни генерал тарафдорларига бўла бошлашганида, мен уни чақириб, шундай дедим: “Бундай бўлмайди. Одамларни бўлиш мумкин эмас. Мен халқни шимол ва жанубга бўладиганларни қаттиқ жазолайман, ахир халқ эндигина бирлаша бошлаган эди. Шунинг учун хафа бўлма, мен сени лавозимдан оламан. Агар сайловда қатнашсанг, бунинг учун сенга барча шароитларни яратиб бераман», — деди Жапаров.
«У қаерда хато қилганини тушуниши керак»
Садир Жапаров, шунингдек, Ташиев унинг дўсти бўлиб қолишини, аммо бундан буён давлат лавозимини эгалламаслигини айтди.
«Ҳа, биз 2005-йилдан бери дўст эдик, оилаларимиз билан мулоқот қилиб келганмиз. 2020-йилда мен озодликка чиққанимдан ва президент бўлганимдан кейин уни МХДҚ раиси этиб тайинладим. Ҳа, у беш йил давомида яхши ишлади. Лекин битта камчилиги — у ўзининг дўстлари ва синфдошларини назорат қила олмади. У лавозимидан кетди.
Албатта, инсонда камчилик бўлмайди деган гап йўқ. Инсон ишлаётган экан, унда камчиликлар бўлиши табиий. У менинг дўстим бўлиб қолади, лекин уни бирор лавозимга тайинлаш режам йўқ.
У дам олиши, балки таҳлил қилиши ва қаерда хато қилганини тушуниши керак. Мен у фақат хатоларга йўл қўйган, деб айтишдан йироқман. Йўқ, унинг натижалари бор, мамлакатимизнинг муваффақиятларига қўшган улкан ҳиссаси бор», — деди президент.
Аввалроқ Бишкек суди МХДҚ собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевни «75 лар хати» иши бўйича айбдор деб топган эди. Унга мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ суд уни жазони ўташдан озод қилиб, 3 йиллик пробация назоратини белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суд Қамчибек Ташиев нима учун қамоққа жўнатилмаганини тушунтирганди.





