Logo

Қашқадарёда ҳам жазирама сабаб юк машиналари ҳаракати чекланади

Бугун 09:292 дақиқа

Ҳаво ҳарорати +44 даражагача кўтарилиши ортидан оғир юк автомобиллари учун кундузги ҳаракатга вақтинчалик чеклов жорий этилади. Чеклов Қарши шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача амал қилади.

Қашқадарёда ҳам жазирама сабаб юк машиналари ҳаракати чекланади © haberler.com

Қашқадарё вилоятида аномал иссиқ ҳаво шароити туфайли оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинчалик чеклов киритилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

«Қашқадарё вилоятида кузатилаётган ўта иссиқ об-ҳаво шароитида автомобиль йўллари қопламасини сақлаш ҳамда уларнинг муддатидан олдин шикастланишининг олдини олиш мақсадида оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинча чеклов жорий этилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати +42...+44 даражагача, айрим жойларда эса ундан ҳам юқори кўрсаткичларга етмоқда. Бундай шароитда асфальт-бетон қопламаси ҳарорати +70...+75 даражагача қизиб, йўлларнинг юк кўтариш қобилияти пасайиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, юқори ҳароратда оғир юк машиналари ҳаракати асфальт қопламасида ғилдирак излари, деформация ва бошқа техник нуқсонларни келтириб чиқариш хавфини оширади.

Шу муносабат билан давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ҳамда таъмирланган автомобиль йўлларида оғир юк автомобиллари ҳаракати ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.

Чеклов Қарши шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига татбиқ этилади.

Вилоят ҳокимлиги ҳайдовчилар, юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан ушбу чекловларга қатъий амал қилиш ҳамда юк ташиш вақтини белгиланган тартиб асосида режалаштиришни сўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида ҳам жазирама сабаб оғир юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланган эди.

Теглар

Мавзуга оид