Қашқадарёдаги заводга 11 млрд сўмлик экологик компенсация белгиланди

Бугун 09:302 дақиқа

Қашқадарё вилоятидаги Муборак газни қайта ишлаш заводи фаолиятида экологик қонунбузилишлар аниқланиб, корхонага қарийб 11 миллиард сўм миқдорида компенсация белгиланди.

Қашқадарёдаги заводга 11 млрд сўмлик экологик компенсация белгиланди © Ekologiya va iqlim o‘zgarishi miliy qo‘mitasi

Давлат экологик назорат инспекцияси Экология полицияси ходимлари томонидан ўтказилган текширувда завод ҳудудида қурилиш ва бошқа турдаги чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилгани маълум бўлган.

Ҳавога тарқалаётган зарарли газлар

Текширув хулосаларига кўра, чиқиндилар сабаб ҳавога тарқалаётган чанг зарралари атмосфера ифлосланишига олиб келган. Шунингдек, зарарли газларни ёқиш жараёнида олтингугурт, углерод ва азот оксидлари белгиланган меъёрдан ортиқ даражада ҳавога чиқарилгани аниқланган.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнида газни тозалашдан ҳосил бўлган, таркибида нефт маҳсулотлари мавжуд оқова сувлар очиқ майдонларга ташлангани ҳам қайд этилган. Шу асосда корхонага нисбатан 7 банддан иборат мажбурий кўрсатма берилган.

Белгиланган компенсация

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, корхонага етказилган экологик зарар учун 10 миллиард 834 миллион сўм миқдорида қўшимча компенсация ҳисобланган. Ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2026 йил август ойидан бошлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар жорий этилади.

Янги тартибга кўра, сувларни ифлослантириш, дарё ўзанларини тозалаш қоидаларини бузиш ёки ҳудуддаги дарахтларни муҳофаза қилмаслик каби ҳолатлар учун атроф-муҳитга етказилган зарардан бир неча баробар юқори жарималар қўлланиши мумкин.

Аввалроқ 23 апрел кун Бойсун туманидада содир бўлган сел оқими «ERIEEL GROUP» томонидан ясалган нефт маҳсулоти сақловчи дамбани ювиб кетиши оқибатида мазут Сурхондарёгача оқиб келган. Натижада экологияга 8,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид

Қашқадарёдаги заводга 11 млрд сўмлик экологик компенсация белгиланди | Vaqt.uz