add

Қайси банклар фоизсиз автокредит бермоқда?

Бир қатор банклар ишлаб чиқарувчилар билан келишган ҳолда аҳолига фоизсиз автокредит таклиф қиляпти. Шартлар ҳақида маълумот ва рўйхат билан Vaqt.uz’да танишинг.

Қайси банклар фоизсиз автокредит бермоқда?

Ўзбекистон банклари аҳолига автокредитни фоизсиз шартларда ҳам расмийлаштириш имкониятини таклиф қилмоқда. Vaqt.uz банклардаги бундай автокредитларни бир жойга тўплади.

«Асакабанк»

Банк анчадан бери UzAuto Motors автомобиллари учун фоизсиз кредит тақдим қилади. Кредит олиш учун «Асакабанк» БХМ ёки расмий дилерлик марказлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Ҳозирда банкда «Damas», «Onix» ва «Tracker» учун фоизсиз автокредитлар бор. Фоизсиз автокредитни расмий даромадсиз ҳам, расмий даромад билан ҳам расмийлаштириш мумкин.

Бошланғич тўлов 30 фоиздан бошланади. Кредит муддати 60 ойгача. Фоиз ставкаси 0 фоиздан 18 фоизгача. Батафсил маълумот расмий сайтда.

«Асакабанк» «ADM Global I» ва «ADM Global II» автокредитларини таклиф қилмоқда. «Kia» автомобилларидан «Sportage», «Sorento», «Carens», «K5C», «Seltos PE», «K9» учун, «Chery» автомобилларидан «Arrizo 6 Pro», «Tiggo 2 Pro», «Tiggo 7 Pro», «Tiggo 8 Pro», «Tiggo 8 Pro Max» учун фоизсиз кредит берилмоқда.

Шартлар ҳақида гап кетганда, бошланғич тўлов 20 фоиздан бошланади. Фоиз ставкаси 0 фоиздан 22 фоизгача.

«BRB»

«Бизнесни ривожлантириш банки»да ҳам «Damas», «Onix» ва «Tracker» учун фоизсиз автокредит берилмоқда. Бошланғич тўлов 25 фоиздан бошланади.

Фоизлар 0 фоиздан 18,5 фоизгача, муддати 60 ойгача. Фоизсиз кредит олиш учун бошланғич тўлов 30 фоиздан бошланиши керак. Батафсил.

«Apex bank»

Бу банкда «Onix» ва «Tracker» учун 0 фоиздан бошланадиган автокредит мавжуд. Фоиз ставкаси 0 фоиздан 19 фоизгача, кредит муддати 60 ойгача қилиб белгиланган. Батафсил маълумот расмий сайтда.

«Davr bank»

«Davr bank»да 0 фоиздан бериладиган бир қатор автокредитлар бор. Бошқа банклар каби «UzAuto Motors» автомобиллари учун фоизсиз кредит берилмоқда. Бошланғич бадал 25 фоизда, фоиз ставкаси 0 дан 19 фоизгача.

Бундан ташқари, банкда Kia, Chery ва Haval автомобиллари учун ҳам фоизсиз автокредит берилмоқда. Тўлиқ маълумотни расмий сайтдан олиш мумкин.

«Hamkorbank»

«Hamkorbank»да бир нечта турдаги фоизсиз автокредитлар бор. Банк «Damas» учун 25 фоиз бошланғич тўлов билан 0 фоизли кредит таклиф қиляпти.

«ADM Jizzax» заводида чиқарилаётган Kia ва Chery автомобиллари, шунингдек, «Roodel» автомобиллари учун ҳам фоизсиз кредит мавжуд. Бундан ташқари, Changan ва Haval брендлари учун ҳам кам фоизли автокредит тақдим қилинмоқда. Батафсил маълумот расмий сайтда.

«Infinbank»

Банкда «Damas» ва «Labo»дан ташқари, «Captiva» учун ҳам фоизсиз автокредит расмийлаштириш мумкин. Шартлар бошқа банклар билан ўхшаш, тўлиқ маълумот эса расмий сайтда бор.

Шунингдек, «Onix» ва «Tracker» учун 0 фоизли кредит таклифи ҳам мавжуд.

«Tenge bank»

«Tenge bank» ҳам «Damas», «Labo» ва «Captiva» учун 0 фоизли автокредит бермоқда. Бошланғич тўлов 26 фоиздан бошланса, фоиз ставкаси 0 дан 14,9 фоизгача. Кредит муддати бошқа банклар каби 60 ойгача. Батафсил маълумот расмий сайтда бор.

«Миллий банк»

Бу ерда «Kia», «Haval» ва «Chery» автомобиллари учун 1 млрд сўмгача фоизсиз кредит олиш имконияти мавжуд. Кредит шартлари расмий ва норасмий даромад олувчилар, шунингдек, иш ҳақи лойиҳаси иштирокчилари ва бюджет ташкилотлари ходимларига қараб фарқланади.

Шу сабабли тўлиқ маълумот учун «Миллий банк»нинг расмий сайтига ташриф буюриш керак.

Бундан ташқари, «Kapitalbank»да ҳам «Onix» ва «Tracker» учун автокредит фоизсиз берилмоқда.

Автокредитлар фоизсиз расмийлаштирилганда айрим русумлар учун чегирмали нарх инобатга олинмайди.

Масалан, UzAuto Motors 100 фоиз бошланғич тўловда «Tracker»ни 34 млн сўм, «Onix»ни 22,5 млн сўм чегирмада сотиб олишни таклиф қиляпти. Фоизсиз автокредит расмийлаштирилганда чегирма бекор бўлади.

Автомобилларнинг амалдаги нархлари билан ишлаб чиқарувчиларнинг расмий сайтларида танишиш мумкин.

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 39

Барчаси

Мавзуга оид