Logo

Қирғизистон айрим қурилиш материаллари импортини олти ойга тақиқламоқчи

Бугун 18:362 дақиқа

Қирғизистонда шиша, кабел-сим маҳсулотлари, минерал пахта ва газобетон блоклари импортига вақтинчалик чеклов жорий этилиши мумкин. Расмийлар ички бозор эҳтиёжини маҳаллий корхоналар тўлиқ қоплай олишини таъкидламоқда.

Қирғизистон айрим қурилиш материаллари импортини олти ойга тақиқламоқчи © lalafo.kg

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси учинчи мамлакатлардан айрим турдаги қурилиш материалларини импорт қилишни вақтинча тақиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Ҳужжатга кўра, чекловларни олти ой муддатга жорий этиш таклиф қилинмоқда. Тақиқ Қирғизистон ҳудуди орқали транзит тарзда ташилаётган товарларга татбиқ этилмайди.

Сабаб нима?

Ҳукумат мазкур ташаббусни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни импорт босимидан ҳимоя қилиш ва саноатдаги иш ўринларини сақлаб қолиш зарурати билан изоҳламоқда.

Асослантирувчи маълумотда қайд этилишича, ички бозор айрим турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имкониятига эга.

Жумладан, мамлакатдаги шиша ишлаб чиқариш заводи йилига 13 миллион квадрат метргача шиша ишлаб чиқариши мумкин. Айни пайтда ички талаб тахминан 8 миллион квадрат метрни ташкил этади. Бироқ корхона экспортдаги чекловлар сабаб ҳар ой 900 минг долларгача даромадни йўқотаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, кабел-сим маҳсулотлари ва минерал пахта ишлаб чиқарувчи янги корхоналар ҳам хавф остида қолган. Лойиҳа муаллифларига кўра, импорт ҳажмининг ўсиши омборларда маҳсулот йиғилиб қолишига ва ишлаб чиқариш линияларининг тўхтаб қолиш хавфига олиб келган.

Ҳужжатда газобетон блоклари бозори ҳам алоҳида тилга олинган. Ҳукумат фикрича, Ўзбекистондан келаётган катта ҳажмдаги маҳсулот маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қўшимча босим ўтказмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳисоб-китобларига кўра, маҳаллий корхоналар республика қурилиш соҳасининг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлай олади.

Кутилмалар

Кутилишича, вақтинчалик импорт тақиқининг жорий этилиши талабни маҳаллий маҳсулотлар томон йўналтириш, инвестицияларни сақлаб қолиш, бандликни қўллаб-қувватлаш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш имконини беради.

Теглар

Мавзуга оид