
Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига АҚШга кириш учун шарт қўйилди
2026 йил 21 январдан бошлаб, Қўшма Штатларга Б-1 (бизнес) ва Б-2 (туризм) ноиммиграцион визаларини олиш учун ариза топширган Қирғизистон фуқаролари 5000 дан 15000 долларгача қайтариладиган депозитни тўлашлари шарт бўлади.

2026 йилнинг 21 январидан бошлаб Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари АҚШга ноиммиграцион виза олиш учун 15 минг долларгача гаров пули тўлаши шарт этиб белгиланди. Ушбу янги тартиб АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган бўлиб, мамлакатга ташриф буюрувчиларнинг ўз вақтида чиқиб кетишини таъминлашга қаратилган молиявий механизм ҳисобланади.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, янги чекловлар B-1 (ишбилармонлик) ва B-2 (туризм) тоифасидаги визаларга ариза топширувчи шахсларга тааллуқлидир. Консуллик ходими суҳбат давомида ариза берувчининг ҳолатидан келиб чиқиб, 5 минг, 10 минг ёки 15 минг доллар миқдорида гаров белгилаши мумкин. Ушбу маблағ фақат АҚШ Молия вазирлигининг Pay.gov тизими орқали тўланиши лозим бўлиб, гаров тўлангани виза берилишини кафолатламайди.
Гаров пули тўлиқ қайтариб бериладиган сумма бўлиб, у икки ҳолатда эгасига қайтарилади: агар виза бериш рад этилса ёки виза эгаси АҚШда бўлиш тартибини бузмасдан, белгиланган муддатда мамлакатни тарк этса. Маблағларни қайтариш жараёни виза эгасининг қонунбузарликларга йўл қўймагани тасдиқланганидан сўнг амалга оширилади. Бу чора виза муддатини ўтказиб юбориш ҳолатларининг олдини олиш учун қўшимча восита сифатида хизмат қилади.
Янги тартиб бўйича виза олган фуқаролар АҚШга кириш ва чиқишда фақат белгиланган учта халқаро аэропортдан фойдаланишлари шарт. Булар қаторига Бостондаги Логан, Ню Йоркдаги Жон Кеннеди ҳамда Вашингтондаги Даллес аэропортлари киритилган. Мазкур чеклов назорат жараёнларини соддалаштириш ва гаров иштирокчиларининг ҳаракатини кузатиш имконини беради.
Ушбу синов дастури илк бор 2025 йилнинг августида Малави ва Замбия фуқаролари учун жорий этилган эди. Кейинчалик рўйхат кенгайтирилиб, 2026 йил 1 январдан Туркманистон, энди эса Қирғизистон ва Тожикистонни ўз ичига олган жами 38 та давлатга татбиқ этилди.





