
Қозоғистон билан ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 10 млрд долларга етказилади
Мирзиёев ва Тўқаев раислигидаги учрашувда стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга доир муҳим келишувлар амалга оширилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида Тошкентда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
«Муносабатларимиз бугунги кунда энг юқори – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 4 млрд долларга етгани қайд этилди. Бу кўрсаткични 2030 йилгача 10 млрд долларга етказиш мақсад қилинмоқда. Бунинг учун «ЎзҚазТрейд» компанияси ташкил этилган, бизнес алоқаларни қўллаб-қувватловчи битимлар тузилган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ташриф доирасида «Марказий Осиё» саноат кооперацияси маркази ҳамда 1,3 млрд долларлик лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, умумий қиймати 8 млрд доллардан ошган янги дастурлар тайёрланган. Улар кимё, геология, агросаноат, инфратузилма ва логистика соҳаларини қамраб олади.
Транспорт, энергетика ва «яшил» технологиялар бўйича ҳам ҳамкорлик кенгайтирилиши белгилаб олинди. Хусусан, «Учқудуқ – Қизилўрда» йўли ва Оқтов порти орқали юк ташиш йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар сув-экология соҳасида трансчегаравий объектларни бошқариш бўйича келишув имзоланганини олқишлашди. Маданий ва гуманитар алоқалар ҳам алоҳида таъкидланди — «Лазги» балети, Остона ва Олмаотадаги тадбирлар самарали бўлгани қайд этилди.





