Қозоғистон, Косово, Албания... Ғазони кимлар қўриқлайди?
Минтақа бешта секторга бўлиниб, у ерга Қозоғистон, Индонезия ва Албания каби давлатларнинг ҳарбий контингенти жойлаштирилади. Туркия ҳам қўшинларини жойлаштиришга тайёр, бироқ у Исроил ўт очишни тўхтатиш режимини мунтазам бузаётганидан ҳавотирда.

Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтондаги Тинчлик институтида бўлиб ўтаётган саммитда Халқаро барқарорлик кучлари (ISF) қўмондони этиб тайинланган генерал Жаспер Жефферс Ғазога қўшин киритиш режасини тақдим этди.
Унга кўра, Ғазо 5 та алоҳида ҳудудга бўлинади ва ҳар бирига биттадан бригада бириктирилади. Биринчи босқичда қўшинлар Рафаҳ секторига жойлаштирилади ва маҳаллий полицияни ўқитиш бошланади.
Генерал Жефферснинг таъкидлашича, Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албания ўз қўшинларини юборишга розилик берган. Миср ва Иордания эса полицияни тайёрлаш масъулиятини зиммасига олган. Индонезия вакили ISF қўмондони ўринбосари лавозимини эгаллайди.
Туркиянинг позицияси
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Анқара Ғазога ўз қўшинларини юборишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини тиклашда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Бироқ Исроил Бош вазири Нетаняҳу Туркия қўшинларининг ҳудудга киришига кескин қарши чиқмоқда. Фидан, шунингдек, ўт очишни тўхтатиш режими мунтазам бузилаётгани халқаро кучларнинг ишини қийинлаштиришидан огоҳлантирди.
Видеоролик ва танқид
Йиғилиш давомида Тинчлик кенгаши томонидан тайёрланган «Ғазо учун янги тонг» номли видеоролик намойиш этилди. Унда:
• Рафаҳ шаҳрини 3 йил ичида тўлиқ қайта қуриш;
• Ғазони «Иброҳим дарвозаси» орқали дунё билан боғлаш;
• Сунъий интеллект ёрдамида яратилган замонавий поездлар, осмонўпар бинолар ва Америка шаҳарчаларини эслатувчи кўчалар акс этган лойиҳалар кўрсатилди.
Бироқ кузатувчилар видеода Ғазонинг вайрон бўлишида Исроил армиясининг роли тилга олинмагани ва фақат «ҲАМАС бошлаган уруш» ҳақида сўз борганини бирёқлама ёндашув сифатида танқид қилмоқда. Экспертларнинг фикрича, Исроил томонидан ўт очишни тўхтатиш тартиби бузилиши давом этар экан, халқаро кучларни жойлаштириш режаси амалга ошмай қолиши мумкин.
Аввалроқ, Доналд Трамп саммитда Шавкат Мирзиёевни «дўстим» деб атагани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, у Ғазога ёрдам пакети учун жами 7 млрд доллар ажратган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам борлигини айтди. Ўз ўрнида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Ғазода уй-жойлар, мактаб ва шифохоналар қуришга тайёрлигини таъкидлади.





