Logo

Қозоғистон тенгеси Европа ва Осиёда энг кучли валютага айланди

2026-йил бошидан бери тенге АҚШ долларига нисбатан 9,7 фоизга мустаҳкамланди. Жаҳон миқёсида у фақат Лотин Америкаси ва Африкадаги айрим валюталардан ортда қолди.

Қозоғистон тенгеси Европа ва Осиёда энг кучли валютага айланди © shutterstock.com

Қозоғистон тенгеси 2026-йилда Европа ва Осиёдаги энг яхши натижа кўрсатган валютага айланди. «Financial Times»нинг ёзишича, халқаро инвесторларнинг мамлакат ички қарзига қизиқиши тенгенинг АҚШ долларига нисбатан 9,7 фоизга қимматлашишига олиб келган.

Қайд этилишича, Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлган Қозоғистондаги юқори фоиз ставкалари хорижий инвесторларни жалб қилмоқда. Июнь ойи ҳолатига кўра, улар қўлидаги тенгеда номиналлаштирилган давлат облигациялари ҳажми 5 миллиард долларга етди. Бу бир йил аввалги 2 миллиард долларга яқин кўрсаткичдан икки баробардан кўпроқдир.

«LGT Capital Partners» вакили Жетро Сиеккиненнинг айтишича, Қозоғистон облигацияларини сотиб олиш ва савдо қилиш жараёнларининг соддалашиши ҳам инвесторлар қизиқишини оширган.

Капитал оқими кучайди

Қозоғистон Марказий банки июл ойида асосий ставкани 16,75 фоизгача пасайтирди. Бу сўнгги икки ой ичидаги иккинчи пасайтириш бўлди. Бундан олдин асосий ставка 18 фоизгача кўтарилган эди.

Шу билан бирга, йиллик инфляция 2025 йил сентябридаги қарийб 13 фоиздан 2026 йил июнида тахминан 10 фоизгача пасайди. Фоиз ставкаларининг юқорилиги Қозоғистон облигацияларини халқаро инвесторлар учун жозибадорлигича сақлаб қолмоқда.

«ING» бош иқтисодчиси Дмитрий Долгиннинг фикрича, тенгенинг бу йилги мустаҳкамланиши савдо оқимларидан кўра капитал оқими билан кўпроқ боғлиқ. Апрель ойида Қозоғистон ички давлат облигацияларини «Yevroklir» халқаро клиринг тизимига улаш режасини эълон қилгач, мамлакатга инвестициялар оқими янада тезлашди.

Янги инвесторлар оқими


Қозоғистон айрим инвесторлар учун Россияга муқобил энергия ишлаб чиқарувчи давлат сифатида ҳам кўрилмоқда. Мамлакат инвестициявий кредит рейтингига эга бўлиб, юқори даромад таклиф қилса-да, кредит рейтинги паст бўлган бозорларга қараганда барқарорроқ вариант ҳисобланади.

Биринчи чоракда Қозоғистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 6,3 миллиард долларга етди. Ҳукумат нефтдан ташқари даромад манбаларини кенгайтириш учун мамлакатни Хитой ва Европа ўртасидаги муҳим транзит марказига айлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Август ойида мамлакат «Nvidia» ва «Firebirds» билан 10 миллиард долларлик келишув имзолади. Унга кўра, Қозоғистонда дата-марказлар қурилади.

Таҳлилчилар фикрича, Хитой ва Россия ўртасида жойлашган Қозоғистон иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш учун хорижий капитал манбаларини диверсификация қилишга интилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид