Logo

Қозоғистонда ўзбекистонлик блогер халқаро қидирувга берилди

Бугун 20:092 дақиқа

У қимор ўйинларини реклама қилиш ва бир неча онлайн казинони тарғиб қилишда гумонланмоқда.

Қозоғистонда ўзбекистонлик блогер халқаро қидирувга берилди © Foto: gov.kz

Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги «Maha.dxb» тахаллуси билан танилган Ўзбекистон фуқароси, блогер Маҳмуд Хикматовни халқаро қидирувга берди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, 2000 йил 19 февралда туғилган Маҳмуд Хикматовга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси санкцияланган. У ноқонуний интернет-казиноларни тарғиб қилишда гумонланмоқда.

«У «SultanGames», «PINCO», «Nomadcasino», «Pin-Up», «Vavada» ва бошқа ноқонуний интернет-казиноларни илгари суришда гумонланмоқда», — дейилади идора тарқатган хабарда.

Блогернинг ноқонуний схемадаги роли ва жалб қилинган инфлюенсерлар

Агентлик маълумотларига кўра, Қозоғистон Республикаси ҳудудида ноқонуний интернет-казино интерфейсини тақдим этиш, пулни қабул қилиш ва тўлаш (эквайринг, мобил тижорат, криптовалюта) ҳамда кўпроқ ўйинчиларни жалб қилиш мақсадида реклама тарқатиш бўйича мунтазам схема амал қилган.

Ташкилотчилар интернет-казиноларни оммалаштириш учун Хикматовни жалб этган бўлиб, унга Қозоғистонда фаолият юритаётган инфлюенсерларни реклама контентини жойлаштиришга жалб қилиш вазифаси юклатилган.

«Ушбу фаолият доирасида М. Хикматов блогерлардан уларнинг ижтимоий тармоқларидаги статистик маълумотларини, жумладан демография, аудитория географияси ва қамров кўрсаткичларини сўраб олган, шулар асосида реклама хизматлари нархи белгиланган», — дея таъкидланади хабарда.

Умумий ҳисобда у томондан 35 дан ортиқ блогер, жумладан таниқли блогер К.Камза жалб этилгани айтилмоқда. Кенг аудиторияга эга бўлган К.Камза реферал ҳаволаларни жойлаштириш ва ҳар бир ўтиш учун мукофот олиш орқали Қозоғистон фуқароларини ноқонуний қимор ўйинларига қасддан жалб қилган. Идора эслатишича, К.Камза жорий йилнинг 6 августида Ветнам Социалистик Республикасидан экстрадиция қилинган.

Теглар

Мавзуга оид

Қозоғистонда ўзбекистонлик блогер халқаро қидирувга берилди | Vaqt.uz