
Қозоғистонда сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги тузилади
Қозоғистонда янги Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ташкил этилади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг айтишича, уни бош вазир ўринбосари даражасидаги мутахассис бошқаради.

Тўқаев халққа мурожаатида мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш учун рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
«Биз кенг кўламли рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиясини фаол жорий этиш асосида иқтисодиётни модернизация қилишимиз керак. Биринчи қадам сифатида Рақамли Кодексни қабул қилишни жадаллаштиришимиз керак. Ушбу ҳужжат рақамлаштиришнинг асосий йўналишларини, жумладан сунъий интеллект, платформа иқтисодиёти, катта маълумотлардан фойдаланиш ва бошқа жиҳатларни белгилаши керак. Янги технологик тизимнинг бир қисми бўлиши учун давлат бошқаруви тизимини кўп томонлама қайта ташкил этиш зарур бўлади. Шу боис, ҳозирги ихтисослаштирилган вазирлик негизида Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этиш зарур, унга бош вазир ўринбосари даражасидаги мутахассис раҳбарлик қилиши керак, деб ҳисоблайман» — деди ТўқаевАввалроқ Қозоғистон парламентида Рақамли кодекс лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Депутат Нуртай Сабиляновнинг айтишича, лойиҳа мамлакатда жадал ривожланаётган рақамли технологиялар учун ҳуқуқий асос яратишга қаратилган. Шу билан бирга, сунъий интеллектни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий қилиш бўйича йўл харитаси тайёрланмоқда.





